Линклар

Шарқшунос Исломни танқид қилди (1-қисм)

  • Сарвар Усмон

Май ойининг сўнгги иш куни Москва шаҳар судида "Известия" газетаси устидан мусулмонларнинг даъво аризаси бўйича бундан бир неча ой муқаддам бошланган жараённинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. "Известия"да ёритилган ва россиялик мусулмонлар- нинг норозилигига сабаб бўлган мақолалардан бирининг муаллифи, судга кўрсатма берар экан, жумладан, мана бундай деган: "Ислом – ёлғон диндир. Унинг таъсирида бутун бошли мамлакатлар, шу жумладан менинг Тожикистоним ҳам инқирозга юз тутди". Бу фикр Москвада истиқомат қиладиган тожикистонлик шарқшунос олим Олим Ғафуровники. Ўз мақоласида таъкидлашича, у "мусулмон ота-она фарзанди, Қуръон таржимонидир". Наҳотки, Қуръонни таржима қилган шарқшунос олим дини Ислом тўғрисида шундайин радикал фикр билдирса?! Унинг мақоласи ҳамда Ислом ва мусулмонларга қарши руҳ билан суғорилган бошқа мақолаларни ёритгани учун судга берилган "Известия" газетаси жазоландими? Қуйида мана шу ва бошқа саволлар жавобидан ҳосил бўлган мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Гапни бир чеккадан, 2002 йилнинг октябридан бошлашга тўғри келади. Ўшанда, бундан бир ярим йил муқаддам, Россиянинг нуфузли кундалик газеталаридан бири "Известия"нинг бирин-кетин тўртта сонида Олег Осетинский деган муаллифнинг "Агар мен Бин Ладин бўлганимда..." деган сарлавҳали катта мақоласи босилади.

Ўқиётганингиз материални тайёрлаш жараёнида Осетинскийнинг мақоласини ўқиб чиқдик. Таассуротларимиз ўзимизга тан.

Келинг, бошқа одамнинг, шу мақола ва у туфайли газетада бошланган мунозара доирасида газетада ёритилган бошқа материаллар учун "Известия"ни судга берган москвалик Марат Сайфиддиновнинг фикрларини эшитиб кўрайлик. Газетанинг Осетинский мақоласи ёритилган сонлари тўғрисида у шундай деди:
Газетанинг тўртта сонида мусулмонлар устидан мағзава тўкилган, муаллиф газетхонларни мусулмонларни таъқиб қилишга чақирган".

Интернетдаги Ислом.РУ сайтининг Бош муҳаррири жаноб Сайфиддиновнинг фикрича, "Известия"да Осетинскийнинг мақоласи ёритилиши тасодифий ҳол эмас.

"Чунки, кейинги бир неча йил давомида Россиянинг оммавий ахборот воситаларида мусулмонларга қарши ҳужум кетаяпти", - дейди Марат Сайфиддинов.

Шунинг учун у "Известия"ни судга берган. Газетани у Осетинскийнинг мақоласини ёритгани учунгина эмас, балки унинг материалидан сўнг бошланган мунозара доирасида ёритилган Исломга қарши руҳдаги бошқа мақолалар учун ҳам берган. Ўша мақолалардан бири шарқшунос олим, Озодлик билан суҳбатда ўзининг маълум қилишича, Қуръонни рус тилига таржима қилган Олим Ғафуровники эди. Биз унинг мақоласи билан ҳам танишиб чиқдик.

Дини Ислом билан боғлиқ қадриятларни мутлақ инкор этар экан, жаноб Ғафуров, жумладан, мана бундай ёзади:

"Яна бир адашиш ер юзидаги тинчлик ва фаровонлик масаласига тааллуқлидир. Ислом мамлакатлари тарихида униси ҳам, буниси ҳам ҳеч қачон бўлмаган. Ўрта Осиё халқларининг ҳаёти ҳам руслар келгунига қадар жаҳаннамнинг ўзи бўлган. Ғарбдан туркманлар, шарқдан қўқонликлар, жанубдан афғонлар ҳужум қилиб турганлар. Ўлдирганлар, талаганлар, ўт қўйганлар, қул қилиб олиб кетганлар. Ахир золимлар ҳам, мазлумлар ҳам битта дин вакиллари – суннийлар эдику. Рус истилосигина бахти қаро мусулмонларни кўп асрли бу даҳшатдан халос этди".

Бу фикр эгаси Москвада истиқомат қилувчи Олим Ғафуровдир. (У таниқли тожик олими, Тожикистон Қаҳрамони Бобожон Ғафуровнинг укаси).

Биз ёши 80 ларга бориб қолган Олим Ғафуровнинг ўзи билан боғландик. У кишидан мақолангиз босилганига қарийб икки йил бўлаяпти. Уни бугун ёзсангиз, баъзи фикрларингизга ўзгартиш киритган бўлармидингиз, деб сўрадик. У киши ҳозиргина мақоласидан келтирилган иқтибосдаги фикрни бошқача шаклда айтди ва фикрини ривожлантирар экан:

"Янги тарихдан эса, исломчилар шафқатсизликда фашистлардан ҳам ўтиб тушганини кўрсатувчи мисолларни топишимиз мумкин", - деди.

Азиз тингловчи, бошлаганимиз ўта оғир мавзудаги мақоламизни шу жойда тўхтатиб турамиз. Мақоламизнинг иккинчи қисмида миллати рус, москвалик оддий мусулмон Али Полоскин ва Россия Федерациясининг собиқ Бош вазири Евгений Примаков Олим Ғафуров билан сиртдан баҳсга киришиб, Ислом ва мусулмонларни ҳимоя қиладилар. "Известия" устидан ўтказилган суд мажлисининг нима билан тугагани тўғрисида ҳам эртага айтамиз.
XS
SM
MD
LG