Линклар

logo-print

Янги темир йўл 4-5 йилда қурилади


Тўлқин Расмий маълумотларга кўра, Амударё устида яқинда қуриб битказилган улкан кўприк қурилиши учун 33 миллион АҚШ долларида миқдорида маблағ сарфланган. Бу маблағнинг 28 миллион доллари “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлари компанияси улушидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги кўприк Марказий Осиёда энг йирик шундай иншоотлардан бири бўлиб, унинг узунлиги 681 метрни ташкил этади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ДАК матбуот котиби Сувонқул Рустамовнинг маълум қилишича, янги кўприк бир кунда 14 жуфт поезд, мингта автомобиль ўтказиш қувватига эга. Агар қатнов кўпайса, бу кўрсаткични янада ошириш имконияти бор.

С.Рустамовнинг сўзларига қараганда, Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўл тармоғи нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги бошқа мамлакатлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур темир йўл тармоғи Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини оширувчи муҳим омил бўлди. Янги кўприк темир йўл тармоғининг бир бўлаги бўлиб, у поездларнинг Тошкентдан Хоразмгача бўлган масофани босиб ўтишда илгаригидан 5-6 соат кам вақт сарфланишини таъминлади. Бундан ташқари, поездларнинг ушбу йўлни босиб ўтиш чоғида божхона ва чегара ҳужжатларини расмийлаштиришига (илгари поездлар Туркманистон ҳудуди орқали ўтар эди) эҳтиёж қолмади.

С.Рустамовнинг билдиришича, айни пайтда стратегик аҳамиятга эга бўлган Ғузор-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўл тармоғини қуриш ишлари давом этмоқда. Бу йўлнинг ишга туширилиши Сурхондарё ҳудудидан топилган жуда кўп қазилма бойликлар конларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратишга ёрдам беради.

6 июнь куни “Народное слово” газетасида эълон қилинган мақолада бу йўналишдаги қурилиш ишлари Тошгузар бекатига келиб тўхтаб қолгани таъкидланади. Шунга қарамай, С.Рустамовнинг айтишича, мазкур темир йўлни 4-5 йил ичида қуриб битказиш мўлжалланмоқда.
XS
SM
MD
LG