Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:49

Темирйўлчилар муаммоларини Тошкентда ҳал қилмоқда


9 июнь куни Тошкентда МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари темир йўллари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши иш бошлади. Ушбу кенгаш ишида Финляндия ва Болгария темирйўлчилари кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

Уч кун давом этадиган ушбу тадбирда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинаётир.

Ҳар беш йилда бир марта ўтказиладиган кенгаш йиғилишининг биринчи куни баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Иштирокчи мамлакатлар вакиллари транзит тарзда ўтадиган поездлардан тўловлар хусусида турли муносабатлар билдирди. Шунингдек, Россия ёки Қозоғистондан келаётган юкларнинг Ўзбекистон орқали Эронга олиб ўтилиши имкониятлари кўриб чиқилди.

Халқ хўжалиги юкларини ташишда темир йўлларнинг улуши жуда катта. Собиқ иттифоқ парчаланган сўнг Марказий Осиё темирйўлчилари ўртасида ҳам келишмовчиликлар пайдо бўла бошлади. Яъни божхона ва транзит тўловлари борасида муаммолар туғилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шундай ҳолат юзага келди. Ўзбекистоннинг Фарғона водийсини бошқа вилоятлар билан боғлайдиган темир йўл Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан ўтади. Тожикистон томони мана шу йўлдан транзит қатнови учун жуда катта тўлов белгилаган. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси раҳбари ўринбосари Очилбой Раматовнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги темир йўл транзити масаласида унчалик катта муаммо йўқ. Бироқ Сўғд вилоятидан ўтадиган кичик участка ўз харажатларини қоплаши учун катта тўлов белгилашга мажбур бўлиб қолган. Бу ердан Ўзбекистон поездлари ўтиши учун 20 фоиз миқдорида қўшимча қиймат солиғи тўлашга тўғри келяпти. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Шу боис, ҳар икки томон ўзаро транзит қатнови учун мазкур тўловни бекор қилиш борасида музокара олиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондан Россияга қатновчи йўловчи поездлар сони ҳам қисқарди. О.Раҳматовнинг билдиришича, бу иқтисодий муаммолар билан боғлиқ.

Ўзбекистон географик жиҳатидан минтақа марказида жойлашган. Бу эса транзит қатновдан катта даромад олиш имкониятини яратади. О.Раматовнинг айтишича, Эрон ва Афғонистон транспорт коридори ишга тушса, транзит қатнови ортишидан Ўзбекистон иқтисодиётига катта наф тегади.
XS
SM
MD
LG