Линклар

Ўзбеклар орасидан чиққан гадойлар


Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи 67 ёшли Солия Хўжабоева ва 45 ёшли Ойпошша Шомуродова бир йилдирки, уйма-уй садақа йиғиб, тирикчилик қилмоқда.

Аёлларнинг таъкидлашича, улар ҳеч қаердан ёрдам олмайди, иш ҳам йўқ. Шунинг учун садақага кун кўришга мажбур бўлмоқда. Нон сўраб, маҳаллама-маҳалла юрганларида маҳалла фаоллари гадойлик қилиш ўзбекчиликка тўғри келмаслигини айтиб, уларни ҳайдаб юборади.

Уч ўғил, уч қизнинг онаси, 22 набира ва 8 эваранинг бувиси Солия момо Қўшкўпир тумани стадионида, аниқроғи, стадионга қарашли бир хона ва бир даҳлиздан иборат бинода 2 йилдан буён 10 ёшли набираси билан яшайди. Бу ерда оддий рўзғор юритиш учун шароит йўқ. Яшаш жойи бўйича Машариф Раҳимов номидаги ширкат хўжалигида рўйхатга олинган момонинг ўғиллари маълум сабабларга кўра бу ердаги уйни сотишгач, беш йилдирки, бошпанасиз қолган. Натижада оила аъзолари ижарада яшашга мажбур бўлмоқда. Солия момонинг айтишича, у турли ташкилотларга мурожаат қила-қила уй қуриш учун ер майдони олишга эришган. Бироқ 14 минг сўмни ташкил этадиган нафақа пулига бу ерда уй кўтаришга қуввати етмайди. Болалари унга ёрдам бера олмайди. Чунки улар ҳам зўрға ўз кунини кўрмоқда.

1976 йилда турманистонлик йигитга турмушга чиққан, асли қўшкўпирлик Ойпошша Шомуродова 13 йил аввал турмуш ўртоғи вафот этгач, тўрт қизини ёнига олиб, юртига қайтиб келади. 10 йил давомида дарбадарликда яшаган О.Шомуродовага 2003 йил 24 ноябрда туман ҳокимининг қарори билан уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилади. Машаққатли меҳнатлар эвазига у бу ерда бошпана тиклади. Казо-казоларнинг данғиллама иморатлари, янги қурилаётган ҳашаматли дала ҳовлилари қаторида О.Шомуродованинг кулбаси ҳам жойлашган. Кичкинагина иккита хонадан иборат уйда эски сандиқ, бир кроват, олинганига 30 йил бўлган “Рекорд” русумли телевизордан бошқа ҳеч нарса йўқ. 17 ёшли Дурдибиби ва 10 ёшли Назокат исмли қизлари билан яшаётган О.Шомуродованинг айтишича, фарзандлари гўштли овқат нималигини эсдан чиқарганига кўп йиллар бўлган. Садақа сўраб кўча кезганида 1000-1500 сўм пул топади. Бунга кунлик овқатдан бошқа ҳеч нарса олиш мумкин эмас. Оёғида, эгнида кийими бўлмагани учун болалари ҳам мактабга бормаган.

С.Хўжабоева ва О.Шомуродованинг сўзларига қараганда, моддий ёрдам сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилсалар уларга жуда қўпол муносабатда бўлишади. Ҳатто бинодан қувиб чиқариб юборади.

Қўшкўпир тумани ҳокими ўринбосари Сорабиби Матёқубованинг таъкидлашича, туманда ночор аҳволда яшаётган фуқаролар кўп. Уларнинг ҳаммасини таъминлашга ҳокимликнинг қурби етмайди.

Қўшкўпир шаҳарчаси фуқаролар йиғинидан олинган маълумотларга кўра, шаҳарчадаги бешта маҳаллада 3025 оила истиқомат қилади. Уларнинг 600 га яқини моддий ёрдамга муҳтож ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG