Линклар

Ўзбекистон Халқаро жиноят суди аъзоси, аммо…


Тўлқин 7-8 июнь кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонда Халқаро жиноят суди тўғрисидаги ахборот ва ратификация кампанияси” лойиҳаси бўйича юристлар учун икки кунлик семинари бўлиб ўтди.

Германиядаги Густав Стрессман институти – Европа сиёсати ва иқтисодиёти академиясининг семинарда иштирок этган вакили доктор Стефан Месек сўзларига қараганда, институт ижрочи сифатида иштирок этаётган мазкур лойиҳа Марказий Осиё давлатлари - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Мўғулистонда амалга оширилади. Лойиҳада мазкур давлатларнинг ҳар бирида учтадан, яъни юристлар, ҳарбийлар ва нодавлат ташкилотлар учун биттадан семинарлар ўтказишни кўзда тутади.

С.Месекнинг таъкидлашича, Халқаро жиноят суди ваколатига фақат оғир жиноятлар, хусусан, геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятларни кўриш киради. Бу суд қўшимча юрисдикция ҳисобланади. Асосий юрисдикция эса давлатлар муассасалари ваколатидадир. Яъни давлатлардаги судлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари текшириш, тергов жараёнини олиб бориш ҳуқуқига эга. Агар жиноят иши уларнинг ваколат доирасидан чиқса, унда бу иш билан Халқаро жиноят суди шуғулланади. Ҳозирги кунда Халқаро жиноят судига Европанинг барча давлатлари аъзо бўлиб кирмаган. Шунингдек, унга АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби қудратли давлатлар ҳам аъзо эмас. Бу эса суднинг нуфузини бироз пасайтирмоқда. Айни пайтда мазкур халқаро тузилмага 94 давлат аъзодир.

Семинар иштирокчиси, Ўзбек халқаро ҳуқуқ уюшмаси раиси Равшан Ҳакимовнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳам 2000 йилдан Халқаро жиноят суди аъзоси ҳисобланади. Аммо мамлакат бу ҳақдаги келишувни ратификация қилмаган.

Халқаро жиноят судини ташкил этиш ғояси дастлаб 1872 йилда Халқаро қизил хоч қўмитаси асосчиси Густав Моинье томонидан ўртага ташланган бўлса-да, ўтган асрлар давомида уни амалга ошириш имконияти бўлмаган. Геноцид, ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларни кўриб чиқиш учун 1947 йилда Халқаро ҳарбий трибунал, кейинчалик Руанда бўйича халқаро трибунал, собиқ Югославия бўйича халқаро трибунал каби тузилмалар юзага келган. Бу, ўз навбатида, доимий ишловчи Халқаро жиноят суди ташкил этилишига эҳтиёж борлигини кўрсатган. 1998 йил 17 июлда 160 давлат вакиллари мазкур масалани ўрганиб, Рим битимини имзолаган, яъни Халқаро жиноят суди ташкил этилишини асословчи Рим статути қабул қилинган. 2002 йил июлда 60 дан ортиқ давлат ратификация қилгандан сўнг Рим статути тўла кучга кирган ва Халқаро жиноят суди ўз фаолиятини бошлаган.
XS
SM
MD
LG