Линклар

Ироқ курдларининг мамлакат янги ҳукуматидан юз ўгириши


Азизулло Арол Куни-кеча БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқда ҳокимиятни мамлакат Ўтиш даври ҳукуматига топшириш хусусида қабул қилинган резолюция Ироқ курдлари кўнглини ғаш қилди. Чунки Ироқ курдларининг мухторият ҳуқуқи мамлакат муваққат Конституциясида ўз аксини топиши резолюцияда инобатга олинмаган. Ироқда кўпчиликни ташкил этувчи шиалар курдларнинг мухторият талаб қилишига қаттиқ қаршилик билдирмоқда. БМТ Бош котибининг Ироқ масаласи бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий¸ Ироқ курдлари мамлакат шиалари билан юзага келган тарангликни ҳал қилишлари кераклигини таъкидлади.

Ироқ курдлари раҳбарларига кўра¸ агарда мамлакатда курдларнинг мухторият мақоми кафолат этилмаса¸ улар Ироқ ҳукуматидан юз ўгиради. Ироқ шиалари эса курдларга мухторият берилишига кескин қаршилик кўрсатмоқда. Айрим кузатувчилар фикрича¸ АҚШ ҳукумати жанубда Ироқ шиалари талабларини инобатга олиш билан бирга шимолда янги муаммоларни вужудга келтириши мумкин.

Маълум бўлишича¸ Ироқ курдлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ироқда ҳокимиятни 30 июнда Ўтиш даври ҳукуматига топшириш тўғрисидаги янги резолюциясидан ҳам норозилик билдирмоқда.
Резолюцияда Ироқ муваққат Конституциясига курдларга ўзларини бошқариш ҳуқуқи берилишини киритиш қайд этилмаган.
Бироқ¸ БМТнинг Ироқ масалалари бўйича вакили Лахдар Браҳимий¸ Ироқ курдлари мамлакат сиëсий жараëнларида қатнашишда давом этаверишларини таъкидлади.

"Менимча¸ Ироқ Курдистони етакчилари минтақанинг геостратегик вазиятини яхши биладилар. Менинг фикримча¸ "Курдистон Демократик Партияси" раҳбари Массуд Барзоний ва "Курдистон Ватанпарварлар Иттифоқи" лидери Жалол Талабоний ҳамда уларнинг одамлари билан сўзлашувлардан маълум бўлишича¸ улар янги Ироқни қуришга катта ҳисса қўшишни давом этдиришни истайдилар".

Браҳимий курдлар билан шиалар ўртасидаги мунозарали масалаларга тўхталиб¸ икки томон икки қарама-қарши масала устида баҳслашаëтганини айтади. Шиалар кўпчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқаëтган айни пайтда¸ курдлар озчилик ҳуқуқлари таъминланишига кафолат талаб қилиб чиқмоқда.

Ироқ Бошқарув Кенгашининг собиқ аъзоси¸ келиб чиқиши курд бўлган Маҳмуд Усмоннинг айтишича¸ Ироқ курдлари қийинчилик билан қўлга киритган мақомларини йўқотишдан ташвишланмоқда.

"Ҳозир курдлар орасида жуда кўп ташвиш ва қурқув бор. Муваққат Конституция БМТ резолюциясида кўрсатилмагунча¸ у бажарилмайди. Агарда у бажарилмаса¸ ҳамма нарсани бошидаб бошлашимиз ав бошқача ишлаб чиқишимизга тўғри келади. Одамлар шундан ташвишланмоқда" - деб баëн этди Бошқарув Кенгашининг собиқ аъзоси Усмон.

Ироқ шимолида мухторият талаб қилаëтган курдлар 25 миллион кишилик мамлакат аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади. Курдларга мухолиф кўз қарашдаги шиалар сони 60 фоиздан иборат. Бироқ Саддам Ҳусайн ҳокимияти даврида ҳар иккала томон ҳам сиëсий саҳнадан четлаштирилган эди.

Курдлар норозилиги нафақат Бағдодни¸ балки¸ Ироқ курдларининг кучли иттифоқчиси АҚШни ҳам ўйлантирмоқда.

"Биз курдлар билан жуда яқин ишлаймиз. Курдлар АҚШнинг яқин дўстлари бўлади. Улар Саддам Ҳусайннинг кучли душмани бўлганини¸ унга қарши курашганини ва Ироқни Саддам зулмидан озод этганини ҳаммамиз биламиз. Маълумки¸ улар бирлашган демократик Ироқда жуда муҳим рол ўйнайди" - деб таъкидлади АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби Ричард Баучер.

Маълумотларга кўра¸ Ироқ курдлари Курдистон вилоятларига мухторият мақоми берилиши тўғрисида референдум ўтказиш масаласини олға сурмоқда. Шу мақсадда улар икки миллионга яқин имзо ҳам тўплашган.

Бироқ¸ минтақа бўйича лондонлик мутахассис Мустафо Аланийнинг айтишича¸ референдум йўлини танлаш курдлар минтақасининг келажаги учун яхши эмас¸ чунки Ироқда мухторият учун ҳаракатлар бошлангудек бўлса¸ бутун мамлакатни қамраб олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG