Линклар

“Саккизлик”нинг Яӄин Шарӄ режаси таҳлилчилар танӄидига учрамоӄда


Фарангис Саид Чоршанба куни Саккизлик гуруҳига аъзо давлатлар вакиллари араб ва мусулмон мамлакатлари намояндалари билан учрашиб, АҚШ Президенти Жорж Бушнинг Яӄин Шарӄ ва Шимолий Африка бўйича тинчлик режасини муҳокама ӄилдилар. Саккизлик раҳбарлари режани бир овоздан ӄўллаб-ӄувватлашларини билдиришди. Аммо айрим таҳлилчилар режанинг амалга оширилишига шубҳа билан ӄарамоӄдалар. Ҳамкасбим Фарангис Саид билан бугунги суҳбатимиз айнан шу мавзу атрофида бўлади. Фарангис, авваламбор, тингловчиларимизга ушбу режа ҳаӄида ӄисӄа маълумот бериб ўтсак.

ФС: Режа Яӄин Шарӄ ва Шимолий Африка минтаӄаларида демократия ғояларини илгари суриш ва иӄтисодий ислоҳотларни амалга оширишни кўзда тутади. Яӄин Шарӄ режаси Буш маъмурияти томонидан ишлаб чиӄилган. Сўнгра Катта Саккизлик гуруҳига аъзо Европа давлатлари режага айрим ўзгартишлар киритдилар. Лекин унинг асосий ғоялари ўзгармади. Асосий ғоялар эса минтаӄада демократия ва ӄонун устуворлиги, оз сонли этник гуруҳлар ҳуӄуӄларини таъминлаш, таълимни кучайтириш ва аёллар ҳуӄуӄларини таъминлашдан иборат.

ҲБ: Ушбу режа муҳокамаларида ӄандай фикрлар билдирилди?


ФС: Европа давлатлари вакиллари режанинг амалга оширилишида минтаӄа мамлакатлари суверенитети бузилмаслиги, уларнинг ички ишига аралашмаслик кераклигини таъкидлашди.

Учрашув доирасида чиӄиш ӄилган Франция Президенти Жак Ширак Яӄин Шарӄ ва Шимолий Африка мамлакатлари демократия ғояларини тарӄатувчи миссионерларга муҳтож эмаслигини таъкидлар экан, улар Саккизлик режасига ӄўшилиш ёки ӄўшилмасликни ўзлари танлашлари лозимлигини айтди.

Яна Европа давлатлари позициясига тўхталадиган бўлсак, хусусан Европа Комиссияси вакили Стефано Саннино режанинг амалга оширилишида индивидуал ёндашув ӄўлланишини айтиб, Саккизлик Яӄин Шарӄ минтаӄасининг ҳар бир давлати билан индивидуал равишда муҳокамалар олиб боражаги ва ҳамкорлик ӄилажагини айтди:

”Режа, асосан, узоӄ муддатли ҳамкорлик ва диалогга асосланади. Айни ёндашув ҳаммага тўғри келади, дейиш нотўғри. Ҳар бир давлатнинг хусусий жиҳатлари инобатга олинади, ” - деди Европа Комиссияси вакили.

У ва Европа Иттифоӄининг бошӄа расмийлари режанинг амалга оширилиши учун, биринчи навбатда, Фаластин-Исроил можаросини ҳал этиш кераклигини таъкидлашмоӄда.

ҲБ: Суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимиздек, айрим кузатувчилар режанинг амалга оширилиши мумкинлигига ишонмаётган кўринади...

ФС: Вашингтондаги мухбиримиз Эндрю Талли билан суҳбатлашган икки таҳлилчи режага айнан шундай - скептик ёндашмоӄда.

Улардан бири, Вашингтондаги Америка Тижорат Институти, деб номланган тадӄиӄотлар маркази Вице-президенти Даниэлла Плетка режанинг амалга ошиши йўлида кўплаб тўсиӄлар борлигини айтиб, улардан бири Буш сиёсати, деб фикр билдирди:

”Мен режанинг самарали бўлишига ишонмаяпман. Президент уни илгари сураётгани яхши, аммо сўнгги 6 ой давомида (Буш маъмурияти сиёсати натижасида) режанинг самараси ва умуман моҳиятига жиддий путур етказилди, ” - дейди таҳлилчи.

ҲБ: Фарангис, у Буш маъмурияти сиёсатининг ӄайси жиҳатлари ҳаӄида гапиряпти?

ФС: Даниэлла Плетка, биринчи навбатда, Оӄ Уй, Давлат Департаменти ва Мудофаа Департаменти орасида Яӄин Шарӄӄа нисбатан сиёсат ӄандай бўлиши кераклиги хусусида якдиллик йўӄ, деб ҳисоблайди. Иккинчидан, режа устида ишлаган бошӄа давлатлар унга жуда кўп ўзгартишлар киритиб, “сийӄасини чиӄариб юборди”, деган мазмунда гапирди, яъни муросага эришамиз, деб давлатлар охир-оӄибат жуда нуӄсонларга тўла режа ишлаб чиӄдилар, деб ҳисоблайди таҳлилчи.

ҲБ: Фарангис, бу вашингтонлик таҳлилчи Даниэлла Плетка фикрлари. Сиз режага скептик ёндашаётган яна бир мутахассисни тилга олдингиз...

ФС: Ҳа, Мурҳаф Жуажайтий ҳам режа катта натижаларга олиб келишига ишонмаслигини билдирди. У асли суриялик, ҳозирда Вашингтонда жойлашган Яӄин Шарӄ Институтида ишлайди.

Мутахассисга кўра, араб давлатлари АҚШ, айниӄса Буш таклиф этаётган режага ниҳоятда танӄидий ёндашмоӄда. Чунки Бушнинг Яӄин Шарӄ сиёсати, хусусан Исроилни ӄўллаб-ӄувватлаши минтаӄа бўйлаб Вашингтонга бўлган ишончсизлик ва гумонларни кучайтирди:

”Буш маъмуриятининг ёндашуви ниҳоятда кескин. Агар у минтаӄага бошӄача ёндашганида, ҳамкорликка интилганида, араб мамлакатлари ва жамиятлари каттароӄ фойда кўрган бўлардилар, ” - дейди Жуажайтий ва Европа давлатларининг режани ӄўллаб-ӄувватлаётгани ва унинг амалга оширилишида иштирок этаётгани минтаӄа мамлакатларига яхши сигнал юбораётганини айтади.

Жуажайтий фикрича, агар АҚШни бошӄа президент бошӄарганида, Яӄин Шарӄ минтаӄасидаги вазият ҳам ўзгача – яхшироӄ бўлиши мумкин эди.
XS
SM
MD
LG