Линклар

logo-print

Қозоғистонда тест синови бошланди


Абдуллоҳ Эргаш Қозоғистонда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси ва тажрибаси ҳақида аввалги эшиттиришларимизда гапирганмиз. Бу гал эса Қозоғистон маориф тизимида бўлаётган янгиланишлар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Бугун Қозоғистон ўрта мактабларининг минглаб битирувчилари янгича шаклда имтиҳон топширдилар. Мавзуни ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш давом этдиради.

Қозоғистонлик битирувчилар бу йил битта ўқ билан иккита қуённи урадиганга ўхшайдилар. Гап шундаки, бу мамлакатда анъанавий битирув ва Олий Ўқув юртига кириш имтиҳонлари бекор қилинди. Унинг ўрнига эса тест тизими жорий этилди. Бир қарашда бу янгилик эмасдай кўринади. Тест тизими минтақада- Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам мавжуд. Хўш, Қозоғистон тест тизимининг қўшни давлатлардаги тест тизимидан нима фарқи бор?


Қозоғистонлик мактаб битирувчиси тест синови ўтказилувчи махсус бинода тест топширар экан, у Олий Ўқув юртига имтиҳон топширишдан озод этилади. Яъни ўрта мактабни битирув имтиҳони Олий Ўқув юртига кириш имтиҳони ҳамдир. Тест синовини ўтказиш гуруҳи масъули Акжўл Ахметмирзанинг айтишича:

”Тест синовини топширган болага уч кун ичида билим сертификати берилади. Билим сертификатида битирувчининг билим даражаси қайд этилади. Битирувчи ана шу сертификат билан исталган Олий Ўқув юртига бориб ўқиш ҳуқуқига эга.”


Акжўл Ахметмирза бу йил Қозоғистон мактабларини битирган 180 минг ўқувчи тест синовидан ўтишини ҳам билдирди.


“Озодлик” радиоси қозоқ хизматининг ўз номини айтишни истамаган респонденти, тест синовининг жорий этилиши Олий Ўқув юртларида авж олган порахўрликни бартараф этади, деб ишонади:

”Университетга имтиҳон қабул қилишда адолатсизликлар кўп бўлар эди. Талаба бўлишга муносиб талабгорлар имтиҳондан йиқилиб, калласида алиф йўқ бойваччалар ўтиб кетар эди имтиҳонлардан. Ҳозирги тест тизими эса бунга йўл қўймайди,” - деди алматилик респондент.


Лекин, тест синови жорий этилганини ҳамма ҳам қувватлаётгани йўқ Қозоғистонда. Ўрта мактаб ўқитувчилари бу тизимни тадбиқ этишга ҳали эрта эди, деган фикрни айтмоқдалар. Алматидаги 140 мактаб ўқитувчиси Ахлима Сангсизбаева гапиради:

”Мактаб дастурини тест синовига мослаштириш лозим эди. Мана шу томони бизни қийнаяпти. Ҳозирги битирувчилар тест синовига тайёр эмаслар. Бунинг учун тест синовини мактабда бир-икки йил олдин бошлаш лозим эди,”” - дейди Ахлима Сангсизбаева.


Битирувчиларнинг ота-оналари эса, тест синови жорий этилганидан мамнун эканликларини айтадилар:

”Бу жуда яхши бўлди. Боланинг билими адолатли баҳоланади. Билими яхши бўлса Университетга имтиҳон топшириб ўтирмай, кузда тўғри ўқишга бораверади,” - дейди тест синовига кирган ўғлини кутиб ўтирган бир аёл.


Тест тизимини Қозоғистон жорий этган шаклда Ўзбекистонда ҳам қабул қилиш мумкинми? Бу ўзбекистонлик битирувчилар учун қандай аҳамиятга эга бўлар эди?


Бу саволимизга ўз номини айтишни истамаган таълим соҳаси масъулларидан бири шундай жавоб беради:

”Албатта, Қозоғистон тест тизими яхши йўлга қўйилибди. Бу таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришдир. Ўзбекистонда ҳам тест синови анан шу йўсинда ташкил этилса, бу битирувчиларга Олий Ўқув юртларига кириш учун катта имкониятларни очиб берган бўлар эди. Порахўрликка ҳам қандайдир бир маънода чегара қўйилган бўлар эди. Ўқувчи ҳам ўз меҳнатининг ҳосилини кўрган бўларди,” - дейди ўзбекистонлик мутахассис.
XS
SM
MD
LG