Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:41

Хитойнинг хорижий нефтга қарамлиги ошиб бормоқда.


Сўнгги 15 йил мобайнида Хитой иқтисодиёти йилига ўрта ҳисобда 8 – 10 фоизга ўсмоқда. Айни пайтда, бу ҳолат мамлакатнинг хорижий нефтга қарамлигини оширмоқда. Сўнгги ойларда дунё бозорларида нефт нархи рекорд даражага кўтарилгани Хитой иқтисодиётига маълум даражада зарар келтирмоқда. Бундан ташқари мамлакатда нефт маҳсулотларидан фойдаланиш яхши йўлга қўйилмагани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожланиб бораётгани сабабли Хитой ҳукумати истеъмолчиларнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондира олмаяпти. Хитойда жорий йилнинг биринчи тўрт ойи мобайнида нефт маҳсулотларига бўлган талаб ўтган йил шу давридагига қараганда 16.5 фоизга кўпайди. Хитой ҳукуматининг статистик маълумотларига кўра, мамлакатнинг тўртта вилоятида энергияга бўлган эҳтиёж 30 фоизга, оғир саноатнинг энергияга эҳтиёжи эса 20 фоизга ошган.

Ўтган йил Хитойда автомобил савдоси 80 фоизга кўпайди. Бундан ташқари мамлакат аҳолиси уй совутгичлар ва бошқа электрон уй-рўзғор асбобларини кўпроқ сотиб ола бошлади. Бу эса энергияга бўлган эҳтиёжни янада оширди. Ҳукумат бу эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти.
2003 йилда Хитойнинг 21 вилоятида электр таъминотида тез-тез узилишлар кузатилди. Жорий йилнинг биринчи тўрт ойи давомида эса 24 вилоятда электр энергияси тақчиллиги юзага келди.

Маълумотларга кўра, ўтган йил Хитойда кунига ўрта ҳисобда салкам беш ярим миллион баррел нефт ишлатилган ва йил давомида 733 миллион баррелдан ортиқ нефт импорт қилинган. Бу 2002 йилги кўрсаткичга қараганда 30 фоизга кўп. Жорий йил биринчи чорагида эса Хитойнинг нефт импорти хажми 35.7 фоизга ошди. Шунга қарамай, мамлакатда хамон энергия тақчиллиги кузатилмоқда. Бу эса, айниқса, ишлаб чиқаришга салбий таъсир этмоқда.

Энергия тақчиллиги сабабли Хитойнинг минглаб корхоналари тунда ва дам олиш кунлари ишлашга мажбур бўлмоқда. Кузатувчилар фикрича, агар энергия муаммоси хал этилмаса, хорижий инвесторлар Хитойга сармоя ётқизиш масаласини қайта кўриб чиқишлари мумкин.

Айни пайтда, Хитойда юзага келган энергия бўҳрони хорижий нефт компанияларига эшик очмоқда. “ExxonMobil” ва “Aramco” ширкатлари Хитойнинг энг йирик “Sinopec” компанияси билан шартнома имзолади. Келишувга кўра, ғарб ширкатлари Хитойда “Sinopec” билан биргаликда 600та ёқилғи қуйиш шаҳобчалари қуради ва ёнилғи чакана савдоси билан шуғулланади.

Япониянинг “Nippon” ширкати Хитойнинг “PetroChina” компанияси билан кунига 20 минг баррел нефтни қайта ишлаб бериш ҳақида шартнома имзолади. 2005 йилнинг март ойигача мўлжалланган мазкур шартнома “PetroChina” компаниясига хитойлик истеъмолчиларни кўпроқ энергия билан таъминлаш имконини беради. Муддат тугаганидан кейин шартнома узайтирилиши кўзда тутилган.

Бироқ, бу чоралар Хитойда юзага келган энергия бўҳронига барҳам бермайдиган кўринади. Шу боис Пекин расмийлари Хитойга жуғрофий жиҳатдан қўшни бўлган Марказий Осиё республикаларидаги энергия манъбаларидан фойдаланишни режалаган. Хитой ҳукумати минтақада кўп миллиард долларлик нефт қувури лойиҳаларини амалга оширишга киришди. Қозоғистондан Шинжон Уйғур автоном вилоятига қадар қурилаётган 3 минг км узунликдаги нефт қувури шулар жумласига киради.

АҚШнинг Хитойдаги собиқ элчиси Лорд Винстоннинг Озодлик радиосига айтишича, мамлакатдаги энергия манбалари камайиб бораётганини тушунган Хитой раҳбарияти Марказий Осиё давлатларига ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилмоқда:

“Хитой ўзининг энергия ресурсларини кўпайтириш устида иш олиб бормоқда. Яқин йилларгача мамлакат ўзининг энергияга бўлган эҳтиёжини ўзи қоплаб келаётган эди. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатдаги энергия ресурслари камаяётгани ва мамлакат иқтисодиётининг бир маромда ривожланаётгани сабабли Хитой нефт импорт қилиш бўйича АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринга кўтарилди. Хитой ҳукумати Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан Шанхай Хамкорлик ташкилотини тузди. Пекин расмийлари шу ташкилот орқали Марказий Осиёга ўз таъсирини ўтказишни хоҳлайди.” - дейди АҚШнинг Хитойдаги собиқ элчиси Лорд Винстон.
XS
SM
MD
LG