Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Журналист Кофи Аннанга мактуб йўлламоқчи


Шайбон Уч йил давомида маҳбусликда сақланиб, яқинда озодликка чиққан сурхондарёлик кекса журналист Мажид Абдураимов 10 июнь куни матбуот анжумани ўтказди.

Дастлаб М.Абдураимов ўзининг ҳибсга олишини ҳақида тўхталиб, бундай деди:

“2001 йил 10 март куни ўз машинамда Бойсун туманида юрганимда милиция ходимлари тўхтатди. Улардан бири мени гапга тутиб, бошқа киши машинамга олти минг доллар пул ташлади. Шу вақт видеокамерада пулни ва мени тасвирга олишди. Мен бу пулни ушлаганим ҳам йўқ. Шундан сўнг мени ҳибсга олишди. Пулни машинамга ташлаган одам ҳақида 15 кун муқаддам фельетон чиқарган эдим. Мантиқан ўйлаганда, танқид қилган одамимдан пора сўрашнинг нима кераги бор? Фельетон чиқишидан олдим олсам бўлмасмиди пулни? Шундай экан, гўёки мен бу одамдан пора сўраганим, пулни олаётган вақтимда қўлга тушганим қизиқ”.

Шундан сўнг орадан кўп ўтмай, журналист Сурхондарё вилояти суди қарорига кўра, Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик), 210 (пора олиш) ва 266-моддалари (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) билан айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. М.Абдураимовнинг таъкидлашича, ҳисбда сақланаётган пайтда унинг уйида тинтув ўтказилган ва ўта муҳим далилий ашёлар мусодара қилинган. Хусусан, унинг журналистик фаолиятига тааллуқли 19 та видеокассета олиб қўйилган. Бу видеокассеталарда амалдорлар ва бир қанча шахсларнинг жиноятлари акс эттирилган далиллар бор эди. Бундан ташқари, 19 та аудиокассета ҳам мусодара қилинган. Бунда турли гувоҳларнинг сўзлари ёзилган.

М.Абдураимовнинг сўзларига қараганда, унга нисбатан қўлланган мусодара ҳақидаги ҳукм бекор қилинганига қарамай, олиб кетилган ўта муҳим ҳужжатлар ҳамон қайтарилмаган.

Кекса журналист ҳисбда ўтирганида касбдошлари унинг тақдирига мутлақо бефарқ бўлганидан афсус билдирди. Унинг билдиришича, ҳатто ҳибсга олингунга қадар ўзи ишлаган “Янги аср” газетаси таҳририяти ҳам ўз ходимининг аҳволи билан қизиқмаган. Аксинча айрим таниқли журналистлар унинг асосли қамалгани ҳақида матбуот анжуманларида гапирган.

М.Адбураимовнинг таъкидлашича, қамоқдалиги чоғида юқори органларга ноқонуний қамалгани ҳақида бир неча бор мурожаат қилган, бироқ бу мурожаатлар мутлақо эътиборсиз қолган. Шунга қарамай, жорий йилнинг апрель ойида амнистия туфайли озодликка чиққан.

“Мени бир ўй қийнамоқда. Бошимга тушган кўргуликлар бу мамлакатда яна бошқаларнинг ҳам бошига тушиши ҳеч гап эмас. Менда ҳақиқатни сўзлаган одам ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди, деган ишонч бор эди. Бироқ амалда бундай бўлмади. Агар тўғри гапни ҳеч ким гапирмаса, бу жамиятнинг кимга кераги бор?” - деди журналист.

Журналистнинг жамоатчи ҳимоячиси, сурхондарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, М.Абдураимов ишини қайта кўриб чиқиш, унинг бутунлай оқланишига эришишга ҳаракат қилинади. Уч йил давомида қамоқда ўтиргани учун журналист моддий ва маънавий зарар кўрган. Мана шу зарарларни ундириш чоралари кўрилади. Бу ишлар муваффақиятли якунланиши учун журналист БМТ Бош котиби номига мактуб йўллаб, ўз номи бутунлай оқланишига хайрихоҳлик кўрсатишни сўрайди.
XS
SM
MD
LG