Линклар

Пул деҳқонга етиб борадими?


Феруза Маълумотларга қараганда, куни-кеча Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ўзбекистонга умумий қиймати 517 минг долларни ташкил этувчи грантлар ажратиш тўғрисида шартнома имзоланган.

Грантлар Япония ҳукумати томонидан Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳасини амалда тадбиқ этиш мақсадида тақдим этилмоқда.

“Озод деҳқонлар” партияси аъзоси Аҳтам Шоймардоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик соҳасида ислоҳотлар, аввало, ердан фойдаланувчиларга эркинлик берилишидан бошланиши даркор. Яъни уларга нима экиш ва ҳосилни кимга сотиш борасида тўла эркинлик берилмоғи шарт. Агар бу ҳуқуқлар таъминланмаса, соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган маблағлар амалда самара бермайди. Айни пайтда шу мақсадда берилаётган маблағлар фақат ҳукумат сиёсатини, ҳужжатбозлик ва порахўрлик тизимини мустаҳкамлашга сарфланмоқда. Бу маблағлар на фермер ёки деҳқонга, на халққа фойда келтиряпти.

Қишлоқ хўжалик соҳаси мутахассиси Сайфулла Раззоқовнинг сўзларига қараганда, хорижий донорлар томонидан ажратилаётган маблағларни тўғридан-тўғри фермерларга, ҳеч бўлмаганда, уларнинг вилоят ташкилотларига бериш лозим. Чунки айни пайтда бу маблағлар асл эгаларига етиб бораётгани йўқ. Аксинча, қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун берилаётган пуллар бошқа соҳада фаолият кўрсатувчи тадбиркорларга берилиб, талон-тарож қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG