Линклар

Журналистлар билан можаро бар хўжайинига қимматга тушди


Шайбон Оҳангарон туманлараро фуқаролик ишлари судида Ангрен шаҳридаги “Орбита –ТВ” телекомпанияси маъмурияти даъвоси бўйича суд жараёни бўлиб ўтди. Суд телекомпания фойдасига ҳукм чиқарди.

“Орбита-ТВ” директори Тамара Прокофьеванинг айтишича, суд воқеага оид ҳужжатлар ва далиллар билан танишиб чиққач, 11 июнь куни телекомпания фойдасига ҳукм чиқарган. Ҳукмга кўра, жавобгар Хадича Нишонова икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилади ва даромадининг 20 фоизи давлат ҳисобига ўтказилади. Бундан ташқари, Х.Нишонова томонидан телекомпанияга етказилган моддий зарар тўла қопланади. Бу зарар 2 миллион сўм миқдорида белгиланган.

Ўтган йилнинг 6 октябрь куни “Орбита-ТВ” телекомпанияси ходимлари Станислав Ким ҳамда Раъно Алишерова шаҳардаги пива барларидан бирига телелавҳа тайёрлаш учун борган эди. Аммо бар хўжайини Хадича Нишонова ўз ўғли билан биргаликда журналистларга қўпол муомалада бўлиб, уларнинг видеокамерасини синдириб ташлаганди. Айни ҳолат бўйича телекомпания маъмурияти судга мурожаат қилган эди.

Т.Прокофьеванинг таъкидлашича, жорий йилнинг 24 майида Оҳангарон туманлараро суди раисаси Ойгул Султонова телекомпания ходимлари Станислав Ким ва Раъно Алишеровага етказилган маънавий зарарни қоплаш ҳақида ҳам қарор чиқарган. Жавобгар Х.Нишонова маънавий зарар учун телекомпания ходими Станислав Кимга 400 минг сўм, Раъно Алишеровага эса 250 минг сўм тўлайди.

Т.Прокофьева суд ҳукми телекомпания ходимларини тўла қаноатлантиришини билдирди.

“Гап маънавий ва моддий зарар учун ундириладиган пулда эмас. Суднинг қадримиз ва шаънимизни ҳимоя қилиб бергани биз учун муҳимроқ”, - деди у.

Айни пайтда телекомпания олдида яна бир суд жараёни турибди. Жорий йилнинг февраль ойида телекомпания ходимлари Мўътабар Алимқулова ҳамда Ниёз Аглямовга нисбатан журналистик фаолият чоғида куч ишлатилганди. М.Алимқулова етказилган тан жароҳатлари туфайли шифохонага ётқизилган эди. Т.Прокофьеванинг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан тергов якунлаган ва яқин кунларда суд бошланиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG