Линклар

logo-print

Давлат Департаментининг террор ҳужумлари ҳақидаги 2003 йилги ҳисоботида йўл қўйилган хатоликлар.

  • Ҳасанжон

Пайшанба куни АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл “Дунё мамлакатларида амалга оширилган террор ҳужумлари” ҳақидаги 2003 йилги ҳисоботда нотўғри маълумотлар эълон қилинганини билдирди. Пауэлл бу хатоликка тасодифан йўл қўйилгани ва унинг ортида сайловолди сиёсий мақсадлари йўқлигини таъкидлади. АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби ҳам террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги Давлат Департаментига тақдим этилган маълумотлар ўз вақтида диққат билан текширилмаганини тан олди.

Давлат Департаментининг халқаро терроризм ҳақида 29 апрел куни эълон қилган ҳисоботида, 1969 йилдан бери 2003 йилда дунё бўйича энг кам террор ҳужумлари содир этилганлиги қайд этилган эди.

Ўша ҳужжатда, 2002 йили дунё бўйлаб 198та террор ҳужуми содир этилгани, 2003 йилда эса ҳужумлар сони 190тани ташкил этгани, бунинг оқибатида 307 одам нобуд бўлгани ва 1 минг 593 одам жароҳатлангани билдирилган эди. 2002 йилги террор ҳужумларида эса 725 одам нобуд бўлган ва 2013 одам яраланган. Ҳисоботга кўра, 2002 йилда террор ҳужумлари оқибатида 35 америкалик нобуд бўлган, ўтган йили бу рақам 27 нафарни ташкил этганлиги билдирилган эди.

10 июн куни АҚШ Давлат Департаменти 2003 йилда дунё мамлакатларида амалга оширилган террор ҳужумлари сони кўпайганини маълум қилдилар. Давлат Департаменти расмийларига кўра, 2003 йилда террор ҳужумлари оқибатида нобуд бўлганлар сони аввал эълон қилинганидан кўра кўп, аммо 2002 йилги кўрсаткичдан кам.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер юқорида келтирилган рақамлар аввалги ҳисоботда камайтириб кўрсатилганини, чунки ўтган йили ташкил этилган Террор таҳдиди ҳақидаги маълумотларни тўпловчи янги марказ барча маълумотни жамлашда хатоликка йўл қўйганини билдирди.

Ўз исмини маълум қилмасликни сўраган АҚШ расмийсининг Ройтер мухбирига айтишича, Давлат Департаментининг Терроризм ҳақидаги ҳисоботига 2003 йил ноябр ойидан кейинги террор ҳужумлари ҳақидаги маълумотлар киритилмай қолган.

Ричард Баучер тақдим этилган маълумотларга йил давомида содир этилган террор ҳужумлари тўғрисидаги барча маълумотлар киритилмай қолгани, баъзи холларда келтирилган рақамлар хатто нотўғри эканини урғулади.

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл ҳисоботда хатоликка йўл қўйилганидан чуқур ташвиш билдирди. Аммо Пауэлл ҳисоботда келтирилган рақамлар сиёсий мақсадда ўзгартирилгани ҳақидаги гапларни рад этди.

10 июн куни Вашингтонда Ҳиндистон Ташқи Ишлар вазири билан учрашувидан кейин ўтказилган матбуот брифингида журналистларнинг ҳисобот ҳақидаги саволига Колин Пауэлл жумладан шундай жавоб берди:

“Ҳеч ким терроризмга қарши урушда ғалаба қозонилди, демаяпти. Аксинча, Президент бу уруш давом этаётгани, биз курашни икки баробар кучайтиришимиз кераклигини таъкидлади. Шу боис биз ҳуқуқ-тартибот масаласида, разведка маълумотларини алмашиш, лозим бўлса ҳарбий ҳаракат ва террорчиларни таъқиб қилиш борасида барча дўстларимиз билан бирга иш олиб бораяпмиз. Сиз тилга олган бизнинг терроризм тўғрисидаги ҳисоботимиз масаласига келсак, ҳисоботдан кўзланган мақсад – Америка халқига фактлар тақдим этишдан иборат” - деди АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл.

Ричард Баучер аввалги ҳисоботда хатоликка йўл қўйилгани май ойи бошида аниқлангани, шундан сўнг бу масала юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG