Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:56

Одамфурушлар Ўзбекистонда жиноятига яраша жазо олмайди


Саида 12 июнь куни Тошкентда одам савдоси муаммоларига бағишланган халқаро анжуман иш бошлади. Икки кун давом этадиган ушбу тадбирда Украина, Арманистон ва Россиянинг мазкур масала билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман Ўзбекитонда фаолият олиб борувчи Аёллар ресурс маркази ташаббуси билан ташкил этилган. Марказ ходими Олмос Қодированинг айтишича, бундай тадбирни ўтказишдан мақсад одам савдосининг кўлами тобора кенгайиб бораётган бир шароитда ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйишдир. Айниқса, бу масалада тажриба алмашиш, ҳамкорларнинг иш услубларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Украинадаги “Ла Страда” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази президенти Катерина Левченконинг сўзларига қараганда, Украинада одам савдоси муаммоларини ўрганиш бошланганига ўн йилдан ошган. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан давлатнинг эътиборини бу муаммога қаратишга муваффақ бўлинган. Гарчи одам савдоси бўйича махсус қонун қабул қилинмаган бўлса-да, мавжуд қонунларга ўзгартиришлар киритилишига эришилган.

К.Левченконинг таъкидлашича, одам савдоси ноқонуний миграция ҳисобига кенгайиб бормоқда. Миграцияни қонунийлаштириш масаласи эса сиёсатчиларнинг айби билан узоқ вақт ечилмай қоляпти. Бу борада ишлайдиган вазирликларнинг вакиллари ҳам мигрантлар масаласида давлатлараро икки ёки кўп томонлама тузилган шартномаларнинг бажарилишига шубҳа билан қарайди. Чунки бу шартномаларни кучга киритиш жараёни жуда узоқ давом этади. Бунинг устига, мигрантлар учун ажратиладиган квоталар ҳам жуда кам.

О.Қодированинг билдиришича, Ўзбекистонда одам савдоси бўйича тегишли қонун ишлаб чиқилмаган. Жиноят кодексида мавжуд моддалар эса одамфурушларнинг ўз жиноятига яраша жазо олишини таъминламайди. Бундан ташқари, мазкур жиноят қурбонларининг ҳақ-ҳуқуқлари тикланишига ҳам ёрдам бермайди.

Анжуман иштирокчиси, тарихчи Гулнора Ғаниеванинг маълум қилишича, мигрантлар меҳнатини қонунийлаштириш борасида Ўзбекистон Украинадан ўрганса бўладиган жиҳатлар бор. Хусусан, Украинада миграциянинг легаллаштирилиши натижасида давлат бюджети йилига 7 миллиард доллар фойда олади.

Ўзбекистондаги “Истиқболли авлод” нодавлат ташкилоти ҳам одам савдоси муаммолари билан шуғулланиб келади. Ушбу ташкилот раҳбари Нодира Каримованинг фикрича, мамлакатда мазкур муаммони ечиш учун бир қанча ишларни амалга ошириш керак. Биринчи навбатда, бу борада махсус қонунлар қабул қилиниши лозим. Ташкилот бу масалага депутатлар диққатини қаратишни мўлжалламоқда.

Тадбир иштирокчилари одам савдоси ҳақида аҳолини ахборотлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканига урғу берди.
XS
SM
MD
LG