Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:03

Туркманистонликлар ўзбекистонлик бўлишни истамаётир


Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараларини демаркациялаш тугатилгандан сўнг бу ҳудудда яшовчи аҳоли бир қанча ноқулайликларга дуч кела бошлади. Чунки кўп жойларда чегараларни белгилашда аҳоли манфаатлари ҳисобга олинмаган.

Қорақалпоғистонлик ака-ука Ҳайитбой ва Араббой Олломуродовлар оилалари бир ойдан буён ўзаро борди-келди қила олмаётир. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида янги тортилган чегара симлари бу икки оиланинг ёнма-ён жойлашган ҳовлиларини бир-биридан ажратиб қўйган. Натижада Ҳайитбой Туркманистонда, Араббой Ўзбекистонда қолган.

“Бир ойдан ошдики, шу аҳволда яшаяпмиз. Болаларимиз Ўзбекистонда ўқийди. Қариндош-уруғлар Ўзбекистонда. Икки уй ўртасидаги масофа бир неча метрдан ошмайди. Лекин бир-биримиз гаплашмоқчи бўлсак, туркман аскарлари йўл бермайди. Чегарадан ўтсанг отиб ташлайман, деб айтади”, - дейди чегара сабабли икки давлат фуқаросига айланган бу кишилар.

Ака-ука Олломуродовларнинг уйлари Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги “Мискин ота” фермер хўжаликлари уюшмаси ҳудудида жойлашган. Амударё қирғоғидаги бу ерларни маҳаллий аҳоли Қирбозор деб атайди. Олломуродовларнинг қўшнилари Худойберган Кенжаев ва Ҳусниддин Эшмановнинг уйи ҳам Туркманистон ҳудудида қолиб кетган. Х.Кенжаевнинг айтишича, унинг ота-боболари кўп йиллардан буён шу ерда яшаб ўтган. Шунинг учун у Қорақалпоғистонда яшашни истайди.

Ҳайитбой Олломуродованинг таъкидлашича, туркман аскарларни ундан кўчиб кетишни талаб қилган. Бешта офицер келиб, ундан беш кун ичида ўз уйидан кўчиши лозимлигини айтган. Агар шу вақт ичида кўчиб кетмаса, барча буюмларини чегара симидан ошириб отишини билдиришган.

Маълумотларга қараганда, Туркманистонда қолиб кетган қорақалпоғистонликлар учун Амударё тумани ҳудудидан уй-жой қуриш учун жой ажратилган. Бироқ қирбозорликлар янги уй қуриш учун маблағи йўқлигини айтмоқда.

Маълум бўлишича, икки давлат ўртасида чегаралар белгиланган сўнг Туркманистоннинг Тошовуз вилояти “Жайҳун” жамоа хўжалигидаги Гувадоғ қишлоғининг бир қанча хонадонлари Ўзбекистон ҳудудига ўтиб қолган. 80 ёшли Йўлдош Матжоновнинг таъкидлашича, бундай хонадонлар сони қирқдан зиёд.

76 ёшли Оллоёр Жумабоевнинг айтишича, агар Ўзбекистон маъмурлари яхши нафақа белгиласа, бу ерда қолади. Акс ҳолда қайтиб Туркманистонга ўтиб кетади. Шу вақтгача у Туркманистонда ўзбек сўмига ҳисоблаганда 50 минг сўм нафақа олган. Ўзбекистоннинг бунча нафақа беришига кўзи етмайди.

Унинг гапини Й.Матжонов ҳам қўллаб-қувватлади:

“Турманистонда нима хоҳласанг, шуни экасан. Ҳеч ким халақит бермайди. Солиқ солмайди. Электр, газ текин. Ўз кунингни кўрсанг бас. Туркманистонда 35 йил ишладим. Қорақалпоғистонда иш йўқ, ойлик йўқ. Халқининг ўзи девона бўлиб, ё Тошкентга ёки Қозоғистонга кетиб қоляпти. Туркманистонда бундайлар йўқ”.
XS
SM
MD
LG