Линклар

МХХ Юсуф Жумаевни излаётгани йўқ


Шайбон Бухоролик шоир Юсуф Жумаевнинг таъкидлашича, вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари унга нисбатан тазйиқ ўтказа бошлаган. Шундан сўнг у ўз уйидан қочиб кетишга мажбур бўлган.

“МХХ ходимлари ярим тунда уйимга чақириқ қоғози кўтариб келди. Унда эртаси куниёқ вилоят бошқармасига боришим ва тергов бўлими бошлиғи Тўлқин Ҳожиевга учрашишим кераклиги ёзилган эди. Бироқ чақирилишим сабаблари ҳақида ҳеч нарса дейилмаганди”, - дейди шоир.

Айни ноаниқлик, шоирнинг айтишича, унда шубҳа уйғотган. Шу боис, улардан чақирилиш сабабларини тушунтириб беришни талаб қилган. Бунга жавобан ўзини МХХ ходимлари деб таништирган шахслар шоирга дўқ-пўписа қилган.

“Керак бўлса, ўзимиз сизни мажбурий тарзда олиб кетамиз ва қамаймиз, ўғлингиз ҳам бизнинг рўйхатда, деган маънода гапириб, очиқдан-очиқ бизга руҳий тажовуз қилди. Аслида миллий хавфсизлик бошқармасига чақирилишим ортида мени қайтадан қамаш нияти яширин”, - деди Ю.Жумаев.

Шоирнинг мана шу хавотирларига аниқлик киритиш мақсадида “Озодлик” мухбири МХХ матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати вакилининг таъкидлашича, у айни масала юзасидан Бухоро вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси билан боғланган. У ердан олинган маълумотларга кўра, Ю.Жумаев бошқармага чақирилмаган ва унга қарши ҳеч қандай иш қўзғатилмаган.

Матбуот хизмати вакилининг сўзларига қараганда, шоир қидирувда ҳам эмас, демакки барча хавотирларни четга суриб, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG