Линклар

Бесоқол эмас, сўз эркинлиги учун курашчи ҳимоя қилинмоқда


Шайбон 12 июнь куни Тошкентда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи айни пайда маҳбусликда сақланаётган журналист Руслан Шарипов жазо муддатини ўтаётган манзил колонияси олдида норозилик пикети ўтказди.

Акция иштирокчиларининг таъкидлашича, мавжуд тартиб-қоидага кўра белгиланган жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлгандан сўнг хулқи назарда тутилган ҳолда маҳбуснинг жазонинг қолган қисмини қандай тартибда ўташи масаласи кўриб чиқилиши лозим. Р.Шарипов ҳам 12 июнь куни жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлган ва шу куни колониянинг махсус комиссияси унга нисбатан эълон қилинган ҳукмни енгиллаштириш масаласини кўриб чиқилиши лозим эди.

Шу муносабат билан йиғилган пикет иштирокчилари журналистнинг озод этилишини талаб қила бошлади. Нисбатан тинч ўтаётган акция воқеа жойига етиб келган фуқаро кийимидаги шахсларнинг аралашувидан сўнг можароли кўриниш олди. Бу шахслардан бири пикетчиларни бесоқол, яъни маънавий бузуқ шахсни ҳимоя қилишда айблади. Пикетчилар эса бесоқолни эмас, сўз эркинлиги учун курашган журналистнинг озод этилишини талаб қилаётганини таъкидлади.

Воқеа шундай тус олган бир вақтда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов ҳозиргина ўзига колония ичидан Р.Шарипов мобил телефондан қўнғироқ қилгани ва акция туфайли ўзига тазйиқ ўтказилаётганини билдирганини таъкидлади. С.Икромовнинг айтишича, журналист агар пикет тарқамаса, колония раҳбари унга нисбатан баъзи чоралар қўлланилиши мумкинлигидан огоҳлантирганини маълум қилган.

Пикет иштирокчилари олдига Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакиласи полковник Людмила Ким чиқди. Унинг сўзларига қараганда, махсус комиссия бир ой давомида Р.Шарипов ишини ўрганиб чиқади ва бу хулоса судга тақдим этилади. Суд эса журналистнинг кейинги тақдирига дахлдор бирор қарор қабул қилади.

Р.Шариповнинг жамоатчи ҳимоячиси Суръат Икромов Л.Кимнинг сўзларига шубҳа билдирди.

“Одатда улар сайёр суд орқали масалани ҳал қилади. Суд колонияда бўлиб ўтади ва ўзларига маъқул бўлган қарорни қабул қилади. Бироқ суднинг ўтишидан адвокат ҳам, жамоатчи ҳимоячи ҳам огоҳлантирилмайди. Назаримда бу сафар ҳам суд шундай бўлса керак”, - деди С.Икромов.

Журналист Р.Шарипов бесоқолбозлик ва вояга етмаганларни жинсий яқинликка ундашда айбланиб, 2002 йил сентябрда 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2003 йил августда иш аппеляция тартибида кўрилгандан сўнг қамоқ муддати 4 йилга туширилганди. Жорий йилнинг март ойида Р.Шарипов манзил колониясига ўтказилган.
XS
SM
MD
LG