Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

Тилни компьютерга эмас, компьютерни тилга мослаш керак


Зикрилло Ишонч Афғонистонда ўзбек тилига расмий тил мақоми берилгандан сўнг маҳаллий зиёлилар бу тилни ривожлантириш борасида бир қанча амалий ишларга қўл урмоқда.

Айни пайтда афғонистонлик ўзбеклари олдида турган асосий масалалардан бири араб алифбосини тилга мос равишда ислоҳ қилишдир. Маълумки, ўзбек тилига хос унли товушларни араб ёзувида тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шу билан бирга, араб алифбосини ислоҳ қилишда турли ёндашувлар бўлгани учун тилшунослар бир тўхтамга кела олмаётир.

Ўзбекистонлик тилшунос олим Бахтиёр Исабеков Афғонистон шароитида лотин алифбосини жорий этиб бўлмас экан, араб ёзувини ислоҳ қилиш керак, дегувчилардан биридир.

“Араб алифбоси араб тилига мосланган. Афғонистонлик ўзбеклар тилига тадбиқ қилинадиган алифбо агар араб тилига асосланганча қоладиган бўлса, у ҳар жиҳатдан ўзбек тилига мос бўлмайди. Шунинг учун араб алифбосини ўзбек тилига мослаб ислоҳ қилиш керак”, - дейди олим.

Яна бир тилшунос Бердиёр Юсуповнинг таъкидлашича, туркий халқлар узоқ йиллардан буён араб алифбосини ислоҳ қилишни орзу қилиб келган. Ўтган асрнинг 20-йилларида маорифни тарғиб қилувчи “Қизил қалам” ва “Чиғатой гурунги” каби ташкилотлар бўлган. “Чиғатой гурунги” аъзолари 1918-1920 йилларда араб алифбосига унлиларни ифодалувчи 6 та белги киритишни таклиф этган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ислоҳ қилинган араб алифбоси ҳам мукаммал бўлмагани учун амалиётга жорий этилмаган.

Б.Исабеков афғонистонлик ўзбеклар араб ёзувидаги уйғур алифбосидан фойдаланиб, ягона меъёр қабул қилишини тавсия этди. Б.Юсупов эса унли товушларни ифодаловчи белгиларни қабул қилишда Ўзбекистонда ислоҳ қилинган араб алифбосидан фойдаланишни мақсадга мувофиқ, деб билмоқда.

Айрим мутахассислар араб алифбосининг ислоҳ қилиниши компьютерда ишлашга муаммо туғдиришига эътибор қаратмоқда. Б.Исабеков ҳар қандай тилнинг алифбосини компьютерга мослаштиришга уринишга қарши эканини билдирди. Аксинча, унинг фикрича, ткомпьютерни тилга, тил ҳодисаларига мослаш даркор.
XS
SM
MD
LG