Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:41

Қўрқинчли ва жозибакор Хитой


Шайбон Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтаонинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабати билан ўзбек матбуоти икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг нечоғлик муҳим аҳамиятга эгалигини тараннум этувчи таҳлилий лавҳа ва кўрсатувлар билан тўлиб-тошган. Маҳаллий матбуотдан фарқли ўлароқ, кузатувчи ва сиёсатчилар орасида икки давлат алоқалари хусусида турли хил қарашлар мавжуд.

Хўш, икки мамлакат алоқалари Ўзбекистонга нима беради? Шарқшунос олим Гога Ҳидоятовнинг таъкидлашича, Хитой 10-15 йилдан сўнг дунёнинг энг қудратли давлатларидан бирига айланади. Иқтисодий, сиёсий ва молиявий жиҳатдан таъсири жуда кучаяди. Ўзбекистоннинг бу мамлакат билан ҳамкорликни ривожлантириши мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришга хизмат қилади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг тракторсозлик, авиасозлик саноатлари юксалишига ҳам туртки бўлиши мумкин.

Сиёсатшунос Комрон Алиев икки давлат алоқаларидан кўпроқ Хитой манфаатдор эканини айтди. Унинг фикрича, Хитой фақат иқтисодий эмас, балки миграциявий экспансияни ҳам амалга оширишини эсдан чиқармаслик керак. Ўзбекистонга нисбатан иқтисодий экспанциянинг турли кўринишлари ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда.

Г.Ҳидоятов миграциявий экспансия тўғрисидаги фикрларга қўшилмаслиги ҳақида гапирар экан, иқтисодий экспанция Ўзбекистон учун фойдадан холи эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, бу Ўзбекистон бозорини тўлдиришда катта ёрдам беради.

Хитойдан келаётган молларнинг ҳажмидан хавотирга тушган Ўзбекистон расмийлари яқин-яқингача бу мҳсулотларни сифатсизга чиқариб, экспансиянинг олдини олишга интилаётган эди. Ҳатто бу ишларнинг натижаси ўлароқ, кўплаб маҳаллий тадбиркорлар банкрот бўлганди. Энди эса, айрим кузатувчиларнинг эътирофича, аввалги талаблардан воз кечиб, бозорларга яна Хитойнинг сифатсиз моллари кириб келишига йўл очиш мантиқсизликдир.

К.Алиевнинг сўзларига қараганда, Хитойда уйғур миллатига мансуб аҳоли ўз ҳақ-ҳуқуқларини сақлаш йўлида кураш олиб бормоқда. Табиийки, Хитой таъсирига тушаётган ҳар бир давлат расмий Пекиннинг уйғур айирмачилигига қарши курашида ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади.

Мазкур мажбурият, кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда истиқомат қиладиган уйғурлар ўртасида норозилик кайфияти уйғотиши, уларда ўзларининг кейинги тақдиридан хавотир уйғотиши мумкин. Лекин бу кайфият маълум сабабларга кўра очиқча намоён бўлмайди.

Албатта, бу фикрларнинг барчаси тахмин ва фараздан ўзга нарса эмас. Шубҳасиз, Хитой билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам манфаатли жиҳатлари бор. Хусусан, К.Алиевнинг таъкидлашича, Хитой ўзи тоталитар давлат бўлгани учун Ўзбекистондан ҳам инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларга амалга қилишни сўрамайди.
XS
SM
MD
LG