Линклар

logo-print

Эркчининг оёғини уриб синдиришди


Тўлқин Хабарларга кўра, 13 июн куни “Озод аёл” нодавлат ташкилоти раҳбари, “Эрк” демократик партияси аъзоси Гавҳар Орипова Тошкентда номаълум шахслар томонидан калтакланган. 14 июн куни эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланиши арафасида “Интерконтинентал” меҳмонхонасини пикет қилмоқчи бўлган мухолифатдаги партиялар аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушлаб кетилган. Ички ишлар идораларида уларга нисбатан куч ишлатилган.

Г.Орипованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, у гўшт олиб келиш мақсадида ўз уйидан чиққанида “Старт” стадиони яқинида Европа миллатига мансуб икки аёл унга ташланган. Аёллар уни роса дўппослашган. Белларига тепган, оёғини синдирган. Айни пайтда у Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанмоқда.

Мазкур воқеа муносабати билан 14 июнь куни “Эрк” партияси матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида иштирок этган тиббиёт ходимларининг маълум қилишича, Г.Ориповага бош мия чайқалиши, буйрак ва орқа мия жароҳатланиши ҳамда чап оёқ синиши ташхиси қўйилган.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, 12 июнь куни Юнусобод тумани ички ишлар бўлими ходимларидан бири Г.Ориповага жисмоний жароҳат етказиш ҳақида таҳдид қилган. Бунга эркчининг жорий йил март-апрель ойларида мамлакатда бўлиб ўтган портлашлар сабабларини ўрганаётган мустақил комиссия таркибида олиб бораётган фаолияти сабаб бўлган.

Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, Г.Орипованинг номаълум аёллар томонидан калтаклангани жинояти бўйича айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда.

14 июн куни ШҲТнинг Тошкент саммити олдидан “Интерконтинентал” меҳмонхонасини пикет қилмоқчи бўлган шахслар эса ушланиб, Юнусобод тумани ИИБга олиб кетилди. “Озод деҳқонлар” партияси аъзоси Аҳтам Шоймардоновнинг таъкидлашича, пикетда қарийб 15 киши иштирок этиши кутилган эди. Аммо уларнинг баъзилари йўлдан, айримлари уйидан ушлаб кетилган. Уни ҳам меҳмонхона яқинидаги бекатда фуқаро кийимидаги шахслар ушлаб, куч билан машинага тиқишган. Атрофдаги милиционерлар эса бу воқеага эътибор бермаган.

Юнусобод тумани ИИБга олиб кетилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг билдиришича, пикетдан мақсад ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари эътиборини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши, мамлакатдаги авторитар тузум ҳукмронлиги ҳолатларига қаратиш, ташкилотга қарашли Минтақавий аксилтеррор марказининг Тошкентда фаолият кўрсатишига нисбатан норозилик изҳор этиш эди.

Е.Урлаева ИИБда пикетчиларга жуда қўпол муносабатда бўлингани, бошларини деворга уришгани, А.Шоймардоновнинг кийимлари йиртиб ташлангани, пикет қатнашчиси Акудина ва унинг 9 ёшли фарзандига кучли тазйиқ ўтказилганини билдирди.

Е.Урлаеванинг маълум қилишича, пикетда иштирок этиш учун чиққан 7 киши ИИБда кечгача ушлаб турилиб, сўнг қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG