Линклар

Ўзбек-Қозоқ чегарасида яна ўқ отилди

  • Абдулла Искандар

Қозоғистон парламенти чегара олди ҳудудларни Қозоғистон Чегара хизмати тасарруфига бериш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу қонун нафақат чегара чизиғи балки ëн - атрофдаги ҳудудларнинг ҳам чегарачилар томонидан назорат қилиниши имкониятини яратади.

Бундай қонун лойиҳасининг пайдо бўлишига Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги қалтис вазият сабаб бўлди¸ дейди Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири ўрибосари Мухтор Тиловберди:

"Ўзбек чегарачиси ўқидан қозоғистонлик фуқаро Баданов халок бўлди."

Воқеа биринчи июн куни юз берган эди. Қозоғистон Ташқи Ишлар вазирлиги бу ҳодиса юзасидан Ўзбекистонга норозилик билдирди¸ деб гапини давом эттирди вазир ўринбосари:

"3 июн куни Тошкентда Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ўтамуротов ¸ Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши котиби Руслан Мирзаев билан бу борада музокора олиб борди."

Ўзбекистон хукумати вакиллари чегарадаги қотиллик айбдорларига чора кўрганларини билдиришди¸ дейди Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Мухтор Тиловберди: "Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Мирзоевнинг айтишига кўра воқеа юзасидан Ўзбекистон чегара қўшинлари рахбари Исаев ишдан олинган. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий Прокуратураси чегарачи Эшонқулов устидан жиноий иш очган"

Ўзбекистон ҳукумати айбдорларни жазолаганлигини айтаëтган пайтда ўзбек-қозоқ чегарасида яна ўқ янгради.

Бу сафар ҳам ўқ ўзбек чегарачилари томонидан отилди¸ деб хабар берди Олмаотадаги мухбиримиз.

13 июндан 14 июнга ўтар кечаси Қозоғистон чегарасидан Ўзбекистонга юк олиб ўтаëтган кажавали мотоцикл ўққа тутилган.

Мухбиримизга кўра қурбонлар йўқ¸ аммо мотоцикл ëниб кетган.

Парламент депутати Валихон Калижановга кўра ¸ўзбек чегарачиларида милтиқ тепкисини босишга иштиëқ баланд:

"Сўнгги тўрт-беш йил ичида 27 марта чегарада тўқнашувлар бўлди¸аммо бирор маротаба Қозоғистон тарафидан ўқ отилган эмас."

Қозоғистон чегара хизмати маълумотларига кўра 2004 йилнинг беш ойида ўзбек-қозоқ чегарасида 256 чегара бузилиши холати қайд этилган.
Беш ой давомида 1193 киши чегарани қонунсиз кесиб ўтаëтган пайтда тўхтатилган.

2003 йилда эса 1183 киши чегарани қонунсиз кесиб ўтган.

Қозоғистон Чегара хизмати бошлиғи Булат Закиев узоқ йиллар чексиз¸чегарасиз яшаган ахоли ўзлари учун янги бўлган сарҳад сиëсатига кўникмаëтганлигини айтади:

"Ўзбек чегарасини назорат қилиш учун 2700 ҳарбийни бирлаштирган учта чегара отряди ташкил қилдик.
Назорат қилинаëтган ўзбек чегараси 2351 километрни ташкил қилади. Бир қишлоқ иккинчи қишлоққа туташиб кетган бу чегаранинг ҳар метрига биттадан назоратчи қўйишнинг иложи йўқ. Бир-бирига қондош икки халқ чегараларга кўникмаяпти"


Парламент депутати Ўринбой Рахмонбердиев эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара чизиғи ҳали тўла аниқланмаганлигини айтади:

"Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида демаркация жараëни нихоясига етгани йўқ. Бунга сабаб ўтган йили бюджетдан шу мақсадда ажратилган маблағ харж қилинмасдан қолиб кетди. Демаркация охирига етказилсагина муаммолар бархам топиши мумкин".
XS
SM
MD
LG