Линклар

logo-print

Саддамни суд қилиш яқинлашган сари кўп саволлар очиқ қолмоқда.

  • Ҳасанжон

Ғарб ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларга кўра, яқин фурсатда Ироқ собиқ Президенти Саддам Ҳусайн устидан маҳкама жараёни бошланади. Ироқ Бош вазирига кўра, АҚШ икки ҳафта ичида Саддам Ҳусайнни Ироқ муваққат ҳукумати иҳтиёрига топширади. Бироқ Саддам Ҳусайн қайси маҳкамада қачон жавобгарликка тортилиши, шунингдек, Ироқ ҳукумати унинг хавфсизлигини қандай таъминлаши, маҳкама жараёнида халқаро кузатувчилар қатнашиш-қатнашмаслиги каби қатор саволлар очиқ қолмоқда.

Саддам Ҳусайннинг Ироққа қайтарилиши ҳақидаги маълумотни биринчи бўлиб душанба куни Ироқ Бош вазири Ийад Аллави шундай эълон қилди:

“Ҳозир АҚШ ҳибсхоналарида сақланаётган барча маҳбуслар, ҳеч бир мустасносиз, Ироқ ҳукумати иҳтиёрига топширилади. Бу иш келаси икки ҳафта ичида амалга ошади. Саддам ва бошқалар ироқликларга, Ироқ ҳукуматига топширилади.” – деди Ироқ Бош вазири Ийад Аллави.

Саддам Ҳусайннинг Ироқ ҳукуматига топширилиши ҳақида маълумотлар тарқалди-ю, аммо бу жараён қандай кечиши ҳақида ҳозиргача аниқ маълумотлар йўқ. Бу ҳақда АҚШ расмийлари бир-бирига зид маълумотлар тарқатмоқдалар.

Масалан, Пентагондаги манбаларга асосланиб, СНН телеканалининг сешанба куни хабар беришича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Вашингтон расмийлари Саддам Ҳусайнни қачон Ироқ ҳукуматига топширишидан хабардор эмас. Ўз исмини айтмаган Пентагон вакилига кўра, 30 июнда Ироққа тулиқ суверенитет қайтарилганидан кейин ҳам Саддам Ҳусайн ва минглаб ироқлик маҳбуслар АҚШ ҳарбийлари назоратида қолаверади.

Айни пайтда, Бағдоддаги АҚШ ҳарбийлари вакили душанба куни АҚШ ҳибсхоналарида сақланаётган 1 минг 400дан ортиқ маҳбус шу ой охиригача Ироқ ҳукумати ихтиёрига топширилишини маълум қилди. Бироқ полковник Барри Жонсон коалиция кучларига таҳдид солиши мумкин бўлган 4 – 5 минг маҳбус АҚШ ҳарбийлари назоратида қолишини билдирди. У Саддам Ҳусайн ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Саддам Ҳусайн Ироқ ҳукуматига топширилса, уни ироқлик ҳакамлар суд қилиши кутилмоқда. Судга тайёргарлик доирасида Ироқда Инсониятга қарши жиноят содир этган шахслар ишларини кўриб чиқадиган махсус трибунал ташкил этилди. Мамлакат собиқ раҳбарига қарши давлат айбловини эълон қилиш учун эса 50 нафар терговчидан иборат гуруҳ тузилмоқда. Улар Саддам Ҳусайнга қарши иш олиб борганлари боис уларнинг ҳаётлари ҳам таҳдид остида. Гуруҳ аъзоларидан бири Нажаф шаҳрига бориб, Саддамга қарши далиллар тўплаётган пайтда суиқасд натижасида нобуд бўлди.

Женева Конвенсиясига мувофиқ уруш асири мақоми берилган Саддам Ҳусайн ҳозирда АҚШнинг Қатардаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган қамоқхонада сақланмоқда. Маълумотларга қараганда, Саддам Ҳусайн ўз халқига, яъни, инсониятга қарши жиноят содир этганликда, жумладан 1988 йилда Ироқнинг курдлар яшайдиган Халабжа қишлоғи аҳолисига қарши кимёвий қурол ишлатганликда ва 1991 йилги Кўрфаз урушидан кейин ироқлик шиаларни қирғин қилганликда айбланиши мумкин.

Ироқнинг собиқ юқори лавозимли амалдорларига айблов белгилаш ишларига масъул бўлган Салим Чалоби душанба куни, Саддам Ҳусайнга қандай айбловлар қўйилиши яқин кунларда эълон қилинишини билдирди.
XS
SM
MD
LG