Линклар

logo-print

Россия Ўзбекистоннинг стратегик шеригига айланди


Шайбон 16 июнь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Тошкентга келди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ўтказилган музокаралардан сўнг икки давлат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Россиянинг “РИА-Новости” ахборот агентлиги тарқатган хабарларда таъкидланишича, Президентлар стратегик шериклик ҳақидаги шартнома доирасида зарурат туғилганда икки давлат бир-бирига ўз ҳудудларидаги ҳарбий объектларни тақдим этиши юзасидан келишиб олган. Бундан ташқари, айни шартномада Россия Федерацияси Ўзбекистонга ҳарбий техника етказиб бериш ҳамда Ўзбекистонда мавжуд ҳарбий техникани замонавийлаштириш ва яроқли ҳолатда бўлишини таъминлашда кўмаклашиши назарда тутилган. Шу билан бирга, Россия ҳарбий ўқув марказларида Ўзбекистон учун офицер кадрлар тайёрлаш, қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказишга ҳам келишилган.

Ушбу шартнома хусусида фикр билдирар экан, жамиятшунос Баҳодир Мусаев стратегик шериклик борасидаги режалар, коллектив хавфсизлик, иқтисодиётни ривожлантириш масалалари ечилмай қолавериши мумкинлигини таъкидлади.

“Сабаби, - деди у, - бу масалаларнинг ечими, энг аввало, ҳар бир давлатнинг ўз ичидаги ўта глобал, кенг миқёсли, умуммиллий муаммоларини нечоғли ҳал қила олишига боғлиқ. Агар вазият ҳозирги аҳволда қолаверса, Ўзбекистон қандай ташкилотга аъзо бўлмасин, қанақадир муҳим, стратегик шартномалар имзоламасин, бунинг ҳеч қандай самараси бўлмайди”.

Президентлар учрашувидан сўнг Россиянинг “Лукойл” компанияси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ўртасида умумий қиймати тахминан бир миллиард долларни ташкил этадиган лойиҳа бўйича шартнома имзоланди.

Россия Президенти амалий ташриф давомида 17 июнь куни иш бошлайдиган Шанхай ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этади.

18 июнь куни эса Владимир Путин Хитой Халк Республикаси Раиси Ху Цзинтао билан музокара ўтказади. Музокарада, ИТАР-ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилишича, икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар ҳамда Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши масаласидаги позицияларни келишиб олиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Россия раҳбарининг Қирғизистон Президенти Асқар Акаев билан ҳам учрашиши режалаштирилган.

16 июнь куни Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройида ШҲТга аъзо давлатлар санъаткорлари иштирокида тантанали концерт бўлиб ўтди. Унда саммитга тўпланган давлатлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Расмий маълумотларга кўра, саммит якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг устиворлиги ва дахлсизлиги ҳақидаги конвенция қабул қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG