Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:47

Ҳисобчи милиция устидан ғалаба қилди


Фарғонадаги “Уста” жамоатчилик корхонаси ҳисобчиси Надежда Евженко ўзини уч кун мобайнида ноқонуний равишда ҳибсда сақлаб тургани учун вилоят ички ишлар бошқармасини судга берди ва судда ғолиб чиқди.

Н.Евженко бир неча йиллардан буён оёқ кийимларини таъмирлашга ихтисослашган “Уста” жамоатчилик корхонасида ишлайди. Унинг айтишича, бундан уч ярим йил илгари корхонанинг айрим раҳбарлари устидан корхона мулкини ўзлаштириш айби билан жиноят иши қўзғатилган. Корхона раҳбарлари юқори идораларга бир неча бор мурожаат этгач, бу жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган. Аммо иш ёпилишидан 16 кун аввал ҳисобчини вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳибсга олган ва уч кун давомида жиноят содир этишда шубҳа қилинган шахсларни вақтинчалик ушлаб туриш изоляторида сақлаган. Шундан сўнг у ўзининг ноқонуний ҳибсда ушлаб турилгани даъвоси билан етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, вилоят ИИБ устидан Фарғона туманлараро фуқаролик ишлари судига ариза билан мурожаат қилган.

Н.Евженконинг сўзларига қараганда, дастлаб суд аризани кўриб чиқишни рад этган. Бироқ уч йил давомидаги тинимсиз ҳаракатлари туфайли судья Ҳақназар Маназаров раҳбарлигидаги суд ҳайъати даъвони қондириб, вилоят ички ишлар бошқармасидан даъвогар фойдасига 500 минг сўм ундириш ҳақида ҳукм чиқарган. Чунки суд давомида ИИБ терговчиси Мўминжон Воҳидов ҳисобчини уч кун давомида изоляторда қонуний ушлаб турганини исботлаб бера олмаган.

ИИБнинг ўз номини ошкор этишни истамаган ходимининг билдиришича, ички ишлар бошқармаси Н.Евженкога 200 минг сўм тўлайди. Кейин бу суммани бошқарма терговчидан ундириб олади.

Н.Евженко фуқароларга мурожаат қилиб: “Агар сиз ўзингизнинг ҳақлигингизга ишонсангиз, ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун курашмоғингиз керак. Тўғри, Ўзбекистонда бу осон эмас. Айниқса, оддий фуқаролар учун. Аммо қонунларнинг ишлаши оддий кишиларга ҳам боғлиқлигини англаб етиш лозим. Менинг судда ғолиб чиқишим қонун кучига ишонмайдиганларга ўрнак бўлиши керак”, - деди.

Мустақил кузатувчи Маърифжон Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда бу каби суд жараёнлари онда-сонда бўлса-да, учраб турибди. Бу эса фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни ўрганаётганидан дарак беради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти аъзоси Зоҳиджон Зокировнинг фикрича, фуқаролар ўз ҳуқуқини поймол этган давлат идоралари ходимларини судга беришдан фойда йўқ, деб ўйлайди. Чунки аксарият ҳолларда судлар давлат амалдорларини ҳимоя қилади. Мамлакатда қонун устиворлиги таъминланмагани, суд ва прокуратура органларнинг мустақил эмаслиги бунга сабабдир.
XS
SM
MD
LG