Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Ҳомид Карзай - Ислом Каримовнинг меҳмони


Зикрилло Ишонч Тошкент шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Афғонистон муваққат маъмурияти бошлиғи Ҳомид Карзай 16 июнь куни Ўзбекистонга келди.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Самаднинг сўзларига қараганда, Ҳ.Карзай Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан саммитга ташриф буюрган. Ушбу сафар давомида унга Афғонистон ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло, молия вазири Ашраф Ғаний Аҳмадзай ва бошқа мартабали кишилар ҳамроҳлик қилмоқда. Ҳ.Карзай ШҲТ мажлисида меҳмон сифатида иштирок этиши кутиляпти.

Афғонистонлик эксперт Саид Амир Задроннинг таъкидлашича, ШҲТ саммитида Ҳ.Карзайнинг иштирок этиши муҳим ижобий қадамдир. Чунки саммитда минтақадаги иқтисодиёт ва хавфсизлик масаласи кенг муҳокама этилади. Минтақада муҳим геостратегик мавқега эга бўлиш учун Афғонистон бу ташкилотга нафақат меҳмон, балки тўлақонли аъзо сифатида қўшилмоғи керак. Чунки бу ҳудуддаги кўплаб муаммолар Афғонистон билан боғлиқ. Афғонистондаги терроризм, экстремизм ва наркотик моддалар муаммоси бартараф этилса, бундан, аввало, ШҲТга аъзо давлат манфаатдор бўлиши табиийдир.

С.Задроннинг фикрича, бу ташкилотга Ҳиндистон, Покистон ва Эрон қўшилиши шарт. ШҲТни АҚШ ҳам қўллаб-қувватлаши даркор.

Афғоншунос олим Аҳмад Қуронбековнинг билдиришича, минтақада ШҲТнинг нуфузи кундан-кунга ошиб бораётир. Шу боис, мазкур ташкилот аъзолари Афғонистондаги тиклаш ва фуқаролик жамиятини яратиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

А.Қуронбоевнинг фикрича, Афғонистон ШҲТга аъзо бўлса кўп томонлама ютади. Мазкур ташкилот аъзолари жуда катта иқтисодий, илмий, сиёсий салоҳиятга эга. Бу йўналишлардаги ҳамкорлик эса Афғонистон учун сув билан ҳаводек зарур. Афғонистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши минтақадаги мавжуд ва истиқболда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни маданий йўллар билан ҳал этиш имкониятини яратади.
XS
SM
MD
LG