Линклар

logo-print

17 июн - чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш халқаро куни.

  • Ҳасанжон

17 июн Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш халқаро куни. Бу сана жорий йилда алоҳида аҳамият касб этади. Чунки БМТ хомийлигида “Чўлланишга қарши кураш конвенцияси” қабул қилинганига 10 йил тўлди. Сана муносабати билан дунё мамлакатларида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад ер деградацияси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида дунё жамоатчилигини яна бир бор огоҳ қилишдан иборат.

Чўлланиш – дунёнинг барча минтақаларида давом этаётган ер деградацияси жараёнидир. Бу инсон фаолияти ва иқлим ўзгариши сабабли юз бермоқда. Олимлар фикрича, ернинг ҳосилдор устки қатлами асрлар давомида пайдо бўлган. Аммо уни яроқсиз ҳолатга келтириш учун бир неча мавсум етарли холос. Ерга меъёрдан ортиқ экин экиш, ўрмонларнинг беаёв кесилиши ва суғориш ишларининг тўғри йўлга қўйилмагани иқлим ўзгариши билан бирга унумдор ерларни яроқсиз ҳолатга келтирмоқда.

Чўлланиш дунё аҳолисининг бешдан бир қисмига таҳдид солмоқда. Унинг салбий оқибатларини Осиё, Африка, Лотин Америкаси, борингки, дунёнинг ҳар бир минтақасида кўриш мумкин. Ҳозирда дунёдаги қуруқлик майдонининг учдан бир қисми чўлга айланиш таҳдиди остида. Бу тўрт миллиард гектар яроқсиз ер, дегани. БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинганининг 10 йиллиги муносабати билан БМТ ташкилотлари қурғоқчилик ва тупроқ деградацияси ва у билан боғлиқ қатор муаммоларга бепарво бўлмаслик ҳақида халқаро жамоатчиликни яна бир бор огоҳлантирмоқда.

Дунёда суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Ўз навбатида бу қишлоқ аҳолиси иқтисодий аҳволини оғирлашувига сабаб бўлмоқда. Ер деградацияси сабабли 1990 йилдан бери дунёда ҳар йили 6 миллион гектар ер яроқсиз ҳолга келмоқда. Ўз навбатида бу дунё бўйича ҳар йили 42 миллиард доллар миқдоридаги даромад қўлга киритилмай қолишига сабаб бўлмоқда. Чўлланиш ва қурғоқчилик оқибатида 135 миллион одам ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлмоқда. Чўлланиш жараёни айниқса, Африканинг Саҳрои Кабир минтақаси жанубида жойлашган давлатларда тез суръатда давом этмоқда. Кузатувчилар фикрича, 2020 йилга бориб шу минтақада яшовчи 60 миллион одам Африка шимолида жойлашган давлатлар ёки Европа давлатларига кўчиши мумкин.

БМТ Атроф-муҳит дастурининг Кениядаги вакили Ник Наттел Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда ривожланаётган давлатларда ердан оқилона фойдаланилмаётгани, катта майдондаги бўз ерлар экин майдонларига айлантирилаётгани, аҳоли дарахтларни ўтин учун кесиб ташлаши ҳам чўлланиш сабаблари сирасига киришини айтади. БМТ вакилига кўра, жуғрофий шароитлардан келиб чиққан ҳолда деҳқонларнинг ерга қандай экин экишни танлай билишлари ҳам ер деградацияси ва чўлланишнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди:

“Одамлар қаерга қандай экин экишни билишлари жуда муҳим. Бундан ташқари ўрмон ва унинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам катта аҳамиятга эга”, - дейди БМТ вакили.

БМТ Атроф-муҳит дастури ер сунъий йўлдошлари орқали дунёнинг қайси минтақасида чўлланиш муаммоси борлигини аниқлайди ва ўша минтақа аҳолиси орасида ердан тўғри фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Ник Наттел БМТ Атроф-муҳит дастури табиий жараёнларни, жумладан ёмғир ёғишини ҳам кузатиб бориши ва баъзи ҳодисаларни башорат қилишини айтади:

“Биз ер деградацияси ва чўлланишга бевосита алоқадор бўлган табиий омиллар, хусусан об-ҳаво ўзгаришларини ҳам мунтаззам кузатиб борамиз”, - дейди БМТ вакили.

Чўлланиш жараёни Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда қай даражада? Инсоният келажагига тахдид солаётган бу ходисанинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак? Тошкентдаги ҳамкоримиз Садриддин ”Тоза табиат” рукни учун тайёрлаган ўзининг бугунги лавҳасида шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган. Сўз ҳамкоримизга.
XS
SM
MD
LG