Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:37

САДР СИЁСАТНИ ТАНЛАМОҚДА


Чоршанба куни Ироқдаги радикал шиалар етакчиси Мўктадо ас Садр қўл остидаги қуролли гуруҳларнинг нажафлик бўлмаган аъзоларига Нажафни тарк этишга буйруқ берди. Олдинроқ Оқ Уй маъмурияти агар Садр ўз гуруҳларини қуролсизлантириб, сиёсий фаолиятини бошлайдиган бўлса Вашингтон унга эътироз билдирмаслигини маълум қилган эди. Кузатувчилар Оқ уй маъмуриятининг шундай баёноти шиалар рахнамосини қуролли гуруҳларини тарқатишга ундаган бўлиши мумкин деган фикрдалар.

Қатор тахлилчилар Ироқдаги сўнгги воқеалар, хусусан Садр ўз гуруҳларини тарқатишга буйруқ бериши ва муваққат ҳукумат билан муросага бориши унинг келажакда сиёсатчи-лидер бўлишга интилишларидан дарак беряпти, деган тахминни олға сурмоқдалар.

Кузатувчиларга кўра, авваламбор бу Садр гуруҳлари билан олиб борилган музокаралар махсулидир. Сўнгги бир хафта мобайнида Ироқдаги мўтадил қарашдаги шиа жамоалари етакчилари, ироқлик дин уламолари, қолаверса Ироқ Муваққат ҳукуматининг шиа мазғабига мансуб муҳим аъзолари Муктадо ас Садр билан музокара олиб бориб, уни қуролсизланишга кўндиришга ҳаракат қилдилар. Музокаралар махфий харакатерга эга бўлгани боис, томонлар бир бирларига қандай шартлар қўйганликлари номаълум. Бироқ, тахлилчилар назарида, муваққат ҳукумат Садрга Ироқ сиёсий ҳаётида қатнашишни таклиф этган ва бунинг эвазига шиалар рахнамоси ўз гуруҳларини тарқатиб юбориш мажбуриятини олган бўлиши мумкин.

АҚШ Президенти Жорж Бушнинг сешанба кунги баёноти ҳам Муктадо ас Садр яқин келажакда сиёсий лидерга айланиши мумкинлигидан дарак берди. Буш ўз чиқишида агар Ироқ Муваққат ҳукумати Садрнинг Ироқдаги сиёсий ролига эътироз билдирмаса АҚШнинг ҳам унга эътирози йўқлигини баён қилар экан, жумладан шундай деди: "Ироқ Муваққат ҳукумати ас-Садр билан ўз ихтиёрига кўра иш кўриши мумкин. Чунки у суверен ҳукуматдир. Биз хокимият ироқликларга берилиши ҳақида гапирар эканмиз, уларга тўла суверенитет берилишини назарда тутяпмиз. Шундай экан, ироқликлар Садр билан иш кўришда ўзлари нимани маъқул кўрсалар шуни қиладилар", - деди АҚШ Президенти.
Бушнинг бундай баёноти АҚШнинг Муктадо ас-Садрга нисбатан ёндашуви кескин ўзгарганидан дарак берди. Чунки, бир ойча олдин Бушнинг Садр ҳақидаги чиқишларидаги оҳанг бошқача бўлган. Ўтган ой Жорж Буш ас-Садр қуролли гуруҳларини Ироқда демократия қуриш ишларига хавф туғдираётган куч сифатида тарифлаган эди.

Хабарларга кўра, Муктадо ас-Садр сиёсий партия тузиш ҳаракатига тушган. Ироқ президенти Ғози ЯварСадрнинг партия тузиш қарорини олқишлади. Унинг таъкидлашича, Садр гуруҳлари Ироқнинг муаян қатлами қарашларини ифода этади ва ушбу гуруҳнинг сиёсий партия сифатида мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиши табиий жараёндир. Мен ҳам Садр ўрнида бўлганимда қурол кўтаришдан кўра сиёсий майдонга чиққан бўлар эдим", - деди Явар.

Хўш, Муктадо ас Садрнинг сиёсий йўлни танлаши келажакда унинг яна қурол олмаслигини қанчалик кафолатлаши мумкин?

Тахлилчиларга кўра, бу ҳар икки томон ҳаракатларига, қолаверса бу ҳаракатларнинг қанчалик самимийлигига боғлиқ. Аммо, Садрни қайта қурол олишга мажбур қилиши мумкин бўлган холатлар тўлалигича бархам топмаган кўринади. Шундай холатлардан бири Ас-Садр ёрдамчиларидан бири Аҳмад Ридо Ҳасаннинг Карбалода қўлга олинишидир. Тахлилчиларга кўра, бундай қамоққа олишлар Муктадо ас Садр ва унинг гуруҳларини сиёсий йўлдан воз кечиб қайта қурол олишга ундаши мумкин.
XS
SM
MD
LG