Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

ИРОҚ "АЛ ҚАЙДА" БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛМАГАН


АҚШдаги 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумлари билан боғлиқ холатни ўрганаётган мустақил комиссия чоршанба куни навбатдаги иккита ҳисоботини эълон қилди. Ушбу ҳисоботларга кўра, Ироқнинг 11 сентябр ҳужумларига алоқадорлиги ўз тасдиғини топмаган. Шунингдек, Ал-Қайда Америкага қарши ҳужум уюштириш учун тўртта учқични эмас, балки ўнта учқични олиб қочишни режалагани ҳам маълум бўлган.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларини ўрганаётган мустақил комиссия хулосасига кўра, Усама бин Ладен 10 йил аввал Ироқ Президенти Саддам Ҳусайндан ёрдам сўраган, аммо Бағдод рахбари Ал-Қайда етакчисининг бундай илтимосини рад қилган. Яъни, мустақил комиссиянинг чоршанба куни эълон этган ёзма ҳисоботи АҚШ Президенти Жорж Буш маъмуриятининг Саддам Ҳусайн ва Ал Қайда ўртасида алоқа бўлгани борасидаги даъвосини рад этади. АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси собиқ бошлиғи Дуглас МакЭкин бу ҳақда шундай деди. "Қўшма Штатларга қарши ҳужум қилишда Ироқ ва Ал-Қайда ҳамкорлик қилгани борасида бизда асосли далиллар йўқ", - деди собиқ разведка рахбари. Эслаш жоиз, Буш маъмуриятининг Ал-Қайда Бағдод режими билан ҳамкорлик қилгани борасидаги даъволари Ироққа қарши уруш бошлашга сабаб бўлган омиллардан бири бўлган эди.


Ҳисоботда айтилишича, ҳақиқатан Саддам Ҳусайн 1994 йилда Ироқнинг мартабали разведка расмийсини Суданга, Бин Ладен ҳузурига жўнатган. Аммо, Суданга етиб борган ўша расмий Ал-Қайда рахбарига унинг ёрдам борасидаги илтимосига Ироқ Президентининг кескин рад жавобини етказган. Бу ҳақда Дуглас МакЭкин шундай деди. "Ўша пайтда, яъни 1994 йилда Бин Ладен уларга лагер ажратишни, қуроллар билан ёрдам беришни сўраган. Аммо, Ироқ томони бу илтимосга жавоб қилмаган. Бин Ладен кейинчалик Афғонистонга қайтганидан сўнг ҳам Ал-Қайда ва Ироқ рахбарияти ўртасида қандайдир мулоқотлар бўлган. Аммо ушбу мулоқотларда ҳамкорлик хусусиятлари бўлмаган", - деди Дуглас МакЭкин. Яна бир ҳисоботда эса, 11 сентябр ҳужумлари уюштирувчиларининг рахнамоси бўлган Муҳаммад Аттонинг Прага шаҳрида Ироқ махсус ҳизматлари билан учрашгани ҳақидаги Чехия разведкаси тарқатган маълумотлар нотўғри бўлиб чиққани айтилади.

Ҳар бири 32 сахифадан иборат ҳисоботларда айтилишича, Америкадаги 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумлари режаси, ҳозирда Америкада ҳибсда ушлаб турилаётган Холид Шайх Муҳаммад томонидан 1996 йилда ўйлаб топилган. Ва орадан уч йил ўтиб, 1999 йилда Ал Қайда етакчиси Усама бин Ладен учқичларни олиб қочиш йўли билан Ню Йорк ҳамда Вашингтон шаҳарларига қарши ҳужум қилишга фатво беради ва бу хужум 2001 йил 11 сентябр куни амалга ошади. Ҳисоботдан яна шу нарса маълум бўладики, Ал-Қайда Америкага қарши ҳужум уюштириш учун тўртта учқич эмас, балки ўнта учқични олиб қочишни ва уларни нафақат АҚШ, балки Япония, Жанубий Корея ва Сингапур шаҳарларидаги биноларига қарши йўналтиришни режалаган. Бироқ Бин Ладен буни бошқариш мураккаб дея топиб, бунга қарши чиқади ва ҳужум учун асосий нишон Американинг Ню Йорк ва Вашингтон шаҳарлари бўлиши керак деган тўхтамга келади. Қолаверса, Бин Ладен ва Ал Қайданинг бошқа аъзолари ўртасида бошқа тортишувлар ҳам бўлган. Маълумтларга кўра, Бин Ладен ҳужум ташкилотчиларини доим қистаб келган ва ҳужумларни 2000 йилга белгилаган. Аммо, ҳужумлар уюштирувчиси Муҳаммад Холид бу ишда шошмаслик кераклигини ва унинг одамлари етарли даражада учувчилик махоратларини оширишлари учун қўшимча муддат зарурлигини айтади ва шу тариқа террор ҳужумлари 2001 йилнинг 11 сентябр кунига белгиланади.
XS
SM
MD
LG