Линклар

logo-print

Путиннинг Ўзбекистон сафари Россия матбуоти талқинида


Абдуллоҳ Эргаш 16 июн куни Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга расмий сафар билан боргани ҳақида аввалги эшиттиришимизда хабар берган эдик. Айни пайтда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда ўтказилаётган саммитида иштирок этаётган Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан 16 июн куни бир қатор давлатлараро шартномаларни имзолади. Хўш, Россия матбуоти Владимир Путиннинг Ўзбекистон сафарини ва имзоланган шартномаларни қандай шархламоқда?

“Путиннинг Ўзбекистонга сафари олдидан Тошкент бозорларида рус матрёшкалари сотувга чиқарилди. Айтишларича, Путиннинг қиёфаси акс этган матрёшкалар ҳам бор экан. Матрёшкаларнинг кўзлари қийиқроқ бўлгани учун, уларга ҳеч иккиланмай “мэйд ин Азия” тамғасини босиш мумкин. Матрёшкалар қиммат эмас - минг сўм, яъни бир доллардан сотилаётган экан. Уларни сотаётган одамларга кўра, Тошкентда матрёшкаларнинг сотувга чиқарилиши олиймақом рус меҳмонига нисбатан кўрсатилган шарқона эҳтиромдир”, - деб ёзади “Комсомолская правда” газетаси “Путин ва Каримов “Оқсаройда” отамлашдилар”, сарлавҳали мақоласида. Мана шу сарлавҳани ёдингизда сақлаб туринг. Лавҳамиз сўнггида бу сарлавҳа шарҳига яна бир бор қайтамиз.
Бироқ, Россиядаги бошқа газеталарнинг ёзишича, 16 июн куни Тошкентда матрёшкаларнинг сотувга чиқарилишидан ҳам қизиқроқ воқеалар содир бўлган. Масалан, “Известия” газетаси “Ўз ўрнига эга бўлиши шарт” сарлавҳаси билан ёйинлаган мақоласида, Ўзбекистон Президенти “мустақиллик парадидан зериккан”лигини ёзади.
“Собиқ Совет ҳудудида энг америкапараст сиёсатчи, деб қабул қилинган Ислом Каримов, чоршанба куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари мустақиллик парадидан зерикканлигини яна бир карра эслатиб ўтди. Биринчи марта Ислом Каримов бу ҳақда ўтган йили Путин Самарқандга борганида гапирган эди”,- деб ёзади “Известия” газетаси.
“Независимая газета” эса бу мавзуни кенгроқ ёритади. Газетага кўра, Кремл расмий Тошкент билан муносабатларини мустаҳкамлаш билан Ўзбекистондан АҚШ таъсирини сиқиб чиқармоқчи бўлади. “Мустақиллик парадидан ва ғарбдан зериккан” Ўзбекистон ҳукумати эса айни пайтда бунга тайёр.
“Шуни қайд этиш лозимки, Тошкент Американинг қучоғидан чарчаб, кейинги пайтда Москвага мойиллик билдирмоқда. Жумладан, чоршанба куни Владимир Путин ва Ислом Каримов томонидан имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф қилинган”, -деб ёзади “Независимая газета”.
Россия Президенти Владимир Путин бу шартнома ҳақида гапирар экан, Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди:
061702
-Россия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома ҳақиқатан ҳам давлатлараро муносабатларимиздаги янги босқичдир.
Владимир Путин айтиб ўтган “давлатлараро муносабатлардаги янги босқич”нинг мазмуни нимадан иборат? Россия матбуоти бу саволга бир овоздан “Ўзбекистон Россия билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолар экан, биринчи навбатда иқтисодий манфаатни назарда тутган”, қабилида жавоб бермоқдалар. Жумладан, “Газета” газетаси “Путин энди хитойчани ўрганиши керак” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:
“Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлик шартномасини имзолаб, Россиядан иқтисодий кўмак кутмоқда. Ўзбекистон ўз ҳудудида Россияга инвестиция ва хусусийлаштириш лойиҳалари учун энг қулай шароитни яратиб беришга тайёр. Ана шундай иқтисодий шартномалардан бири – “Ўзаро тенг шериклик асосида газ қазиб олиш келишуви”- кеча “ЛУКОЙЛ” раҳбари Вагит Алекперов томонидан имзоланди. “ЛУКОЙЛ” Ўзбекистон иқтисодига бир миллиард доллар миқдорида инвестиция ётқизади”,- деб ёзади “Газета” газетаси.
Ўзбекистон иқтисодига бир миллард доллар сармоя ётқизмоқчи бўлган россиялик ишбилармон Вагит Алекперовнинг Тошкентдаги ажабтовур саргузаштлари, унинг “Оқсарой”дан кетига тепилгандек ҳайдаб чиқарилиши ҳақида “Коммерсант”газетаси ҳикоя қилади. Лекин бу алоҳида лавҳа мавзуси бўлгани учун, ҳозирча бу ҳақда гапирмай турамиз.
Энди лавҳамиз аввалида айтган – “Комсомолская правда” газетасидаги “Путин ва Каримов “Оқсарой”да отамлашдилар” сарлавҳаси шархига қайтсак. Оригиналда бу сарлавҳа “Путин и Каримов хорошо посидели в “Белом сарае”” деб ёзилган. Ўзбекистон Фанлар Академияси томонидан тайёрланиб, Ўзбекистон Совет Энциклопедияси Бош Таҳририяти томонидан 1984 йилда нашрдан чиқарилган “Русча-ўзбекча луғат”да рус тилида “сарай” сўзи омборхона, пичанхона, катта бефайз уй ва катта хувиллаган бино маъноларини бериши қайд этилган. “Комсомолская правда” газетаси мухбири “Белий сарай” деганда ушбу маънолардан қай бирини назарда тутганлиги бизга қоронғу. Аммо, Россия матбуотида Путиннинг Ўзбекистон сафарига бағишланган мақолаларни ўқир экансиз, “Ўзбекистон Ғарбга ва Америкага қанчалик интилмасин, Россиянинг кўмагисиз ҳеч нарсага эриша олмайди. Россия эса кичик укаси Ўзбекистонни опичлаб юрмаса ҳам, қўлидан еталаб юришга тайёр” мазмунидаги қиссадан ҳиссани англаб олишингиз қийин эмас.
XS
SM
MD
LG