Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Ғарб давлатлари экстремистларга хайрихоҳлик кўрсатишда айбланди


Шайбон 17 июнь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Саммитда Мўғулистон ШҲТга кузатувчи сифатида расман қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раислигида ўтган саммит ишида Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Президенти Асқар Акаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов, ХХР Раиси Ху Цзинтао иштирок этди. Шунингдек, унда Афғонистон муваққат маъмурияти раҳбари Ҳомид Карзай ва Мўғулистон Президентининг махсус вакили Лувсангийн Эрдэнэчулуун меҳмон сифатида қатнашди.

Йиғилишда асосий эътибор минтақадаги хавфсизлик масаласига қаратилди. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари халқаро террорчилик, диний экстремизм ва айирмачилик ҳамда гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши биргаликда курашиш йўлларини муҳокама қилди. Саммит иштирокчиларининг матбуот анжуманида таъкидлашича, бу курашда 17 июнь куни расмий очилиш маросими ўтказилган Минтақавий аксилтерор марказ фаолияти алоҳида ўрин тутади.

И.Каримовнинг сўзларига қараганда, қашшоқлик, мамлакатларнинг иқтисодий қолоқлиги ҳамда қониқарсиз ижтимоий ҳолатлар, шубҳасиз, террорчиликнинг озуқаси ҳисобланади. Унинг айтишича, Ғарбда ошкора фаолият юритувчи ва гўёки инсонпарварлик ёрдами билан шуғулланувчи айрим марказларнинг илдизини қуритиш лозим.

Саммитда Ўзбекистон Президенти Хитой ва Россия кўмагида ШҲТ доирасида Марказий Осиёда ягона бозор яратиш масаласини кўтарди. Унинг фикрича, бу борадаги режалар амалга оширилса, минтақада ягона тартиб ва қоидаларга асосланиб ишлайдиган йирик бозорнинг пайдо бўлишига замин яратилади.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, ҳозирча ШҲТ сафини кенгайтиришга шошилмаслик тўғрисида фикрлар мавжуд. Чунки, аввало, ташкилот ўзини аниқ намоён этиши ва мустаҳкам оёққа туриб олиши лозим. Шунга қарамай, ҳозир ШҲТга аъзо бўлиш истагида бўлган бир неча давлат мавжуд.

В.Путиннинг билдиришича, ШҲТ эндигина ташкилот сифатида ўз шакл-шамойилига эга бўлди. У айни пайтда илк қадамларини ташламоқда. Ташкилотнинг истиқболда қандай нуфузга эга бўлиши ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари борасидаги ҳаракатнинг нечоғли самарали бўлишига боғлиқ.

Асосий йўналишлардан бири сифатида В.Путин иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратди. Бундан ташқари, Россия Президенти хавфсизлик, террорчиликка қарши кураш ва гиёҳванд моддалар контрабандасининг олдини олишни ҳам ҳамкорликнинг асосий йўналишлари эканини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур муаммоларни фақат бирлашиб ечиш мумкин. Агар бу муаммолар самарали ҳал этилса, ташкилотнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузи ҳам ошиб боради.

Матбуот анжуманида Ғарб мамлакатларининг экстремистик ва сепаратистик ташкилотларга хайрихоҳлик кўрсатаётгани айтиб ўтилди. Ўзбекистон телевидениеси мухбири мазкур ташкилотлар фаолиятини тақиқлаш йўлида Ғарб мамлакатлари билан бўладиган мулоқот юзасидан савол берди. Унинг саволига Н.Назарбоев жавоб қайтарди.

“Йўқ жойдан нимадир пайдо бўлиб қолиши мумкин эмас. Яқинда “катта саккизлик” давлат ва ҳукумат раҳбарлари йиғилишида бу масала кун тартибига қўйилган. Бу ҳақда ташкилот аъзоларига Россия Президенти Владимир Путин маълумот берди. Кўпчилик мамлакатларда пул айланиши назоратсиз қолаётгани ана шундай гуруҳларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Агар террорчиларни ҳеч ким ўқитмаганида, уларга молиявий кўмак бермаганида, қурол билан таъминламаганида бундай гуруҳлар пайдо бўлмас эди”, - деди Н.Назарбоев.

Қозоғистон Президентининг айтишича, ҳозирча ташкилот бу борада ҳеч қайси давлат билан мулоқотга киришмаган. Аммо ШҲТ аъзолари экстремистик гуруҳларнинг ўз мамлакатлари ҳудудига кириб келишига йўл қўймаслик ҳақида келишиб олган.
XS
SM
MD
LG