Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:32

Қабристони қўшни давлатда қолган ўзбекистонликлар


Фирдавс Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегаралар делимитация қилингандан сўнг Қашқадарё вилоятининг Таллимаржон шаҳри Авезов маҳалласидаги 300 га яқин хонадондан иборат ўзбек оилалари қўшни давлат ҳудудида қолиб кетган эди.

Ўша вақтда уларга Туркманистон фуқаролигини қабул қилиш ёки уйларини бузиб, кўчиб кетиш таклиф этилганди. Аксарият ўзбеклар иккинчи таклифни танлади. Улар бир йилча муқаддам чегаранинг Ўзбекистон томонига ўтиб, уй-жой тиклашга киришганди. Илгари қумликлардан иборат жойда бугунги кунда каттагина қишлоқ пайдо бўлган.

Мазкур қишлоқда яшовчи Кумуш Сафарованинг таъкидлашича, ўтган йили янги кўчиб келганларга давлат томонидан бирмунча ёрдам кўрсатилган. Аммо қишлоқ аҳли учун иш ўринлари яратилмаган. Бошпана тиклаш эса кўпчиликни анча оғир иқтисодий аҳволга солиб қўйган.

77 ёшли Хўжақул Раҳмоновнинг сўзларига қараганда, қишлоқда муаммолар етарли. Тирикчилик қилишнинг қийинлиги боис баъзилар Туркманистондан бензин олиб келиб сотишга ҳаракат қилади. Лекин уларни ҳам чегарачилар ушлаб, калтаклашмоқда, жаримага тортмоқда.

Янги қишлоққа Обод деб ном берилган. Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Мурод Раҳмоновнинг айтишича, ўтган вақт мобайнида аҳоли электр энергияси ва ичимлик сув билан таъминланган. Яқин вақтларда қишлоқни газлаштириш режалаштирилган.

Аҳоли орасида юрган гап-сўзларга қараганда, яқин орада ободликлар сафи янада кенгайиши кутиляпти. Чегараларнинг демаркация қилиниши натижасида Таллимаржоннинг чеккасида жойлашган Пушкин кўчаси Туркманистон ҳудудида қолиб кетган. Бу ерда яшайдиган аҳоли ҳам кўчирилиши мумкин.

Ободликларнинг билдиришича, вафот этиб кетган яқинларининг кўпчилиги бугунги кунда қўшни давлатга ўтган ҳудуддаги қабристонга кўмилган. Кишилар ўзлари хоҳлаган пайтда қабрларни зиёрат қилиш имкониятидан маҳрум бўлган.
XS
SM
MD
LG