Линклар

logo-print

Денгиз ўрнида ўрмон барпо этиш лозим


Дилнаво Жаҳон ҳамжамияти 17 июнни чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида нишонлайди. Шу муносабат билан “Экосан” халқаро жамғармасида чўлланиш ва қурғоқчиликнинг долзарб муаммоларига бағишланган анжуман ўтказилди.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури маълумотларига қараганда, айни пайтда дунё бўйича 250 миллион киши чўлланиш жараёнининг бевосита салбий таъсирини ҳис этмоқда. Бу хавф яна 1 миллиард кишига таҳдид соляпти. Чўлланиш сабабларидан бири бўлмиш тупроқ деградациясининг салбий оқибатлари глобал муаммо бўлиб қолмоқда. Шу боис, чўлланиш ва қурғоқчилик сабабларини ўрганиш ва муаммони ҳамкорликда бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бугунги кунда долзарб масалага айланган.

1994 йилда Париж шаҳрида қабул қилинган чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашишга қаратилган конвенция асосида Ўзбекистонда миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилган. “Экосан” жамғармаси матбуот котиби Хония Асилбекованинг сўзларига қараганда, дастурда Орол денгизининг қуриб қолган қисмида ўрмонлар барпо этиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, Амударё дельтасида кўллар бунёд этишга эътибор қаратилган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳожимурод Толиповнинг таъкидлашича, айни пайтга келиб Орол денгизининг қуриган сатҳи 1 миллион 300 минг гектарни ташкил этади. Бу ердан кўтарилган заҳарли қум-тузлар Қизилқум саҳроси ва атрофдаги воҳаларга ёпирилиб, табиатга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этмоқда. Қуриган сатҳнинг 600 минг гектари енгил таркибли қумдан иборат. Бу қумлар кучсиз шамол турганда ҳам чанг-тўзон бўлиб, атрофга тарқалади. Шу боис, дастлаб айнан шу ҳудудда ўрмонлаштириш ишларини олиб бориш зарур. Мазкур ишнинг самарадорлигини таъминлаш учун ҳар йили 40-50 минг гектар майдон ўрмонлаштирилиши керак. Бугунги кунда бошқарма 16-18 минг гектар ҳудудни ўрмонлаштириш имкониятига эга.

Учрашув иштирокчилари чўлланишга қарши курашнинг асосий йўналиши сифатида деградацияга учрамаган ёки бу жараённинг бошланғич босқичида бўлган ерларда профилактика ишларини амалга ошириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, тадбирда суғоришда сувни тежашга имкон берувчи технологияларни амалиётга тадбиқ этиш, дренаж тизимини қайта тиклаш ва ривожлантириш, оқова сувни утилизация қилиш каби чоралар самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
XS
SM
MD
LG