Линклар

Ислом Каримов стратегик шартнома устида шахсан ишлаган

  • Садриддин Ашур

16 июнь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия Президентларининг учрашуви бўлди. Ислом Каримов ва Владимир Путин икки давлат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага имзо чекди.

В.Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида Россиянинг “Лукойл” компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ўртасида ҳам битим имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, “Лукойл” Ўзбекистонга 1 миллиард долларга яқин сармоя киритади. Бу маблағ мамлакат жануби-ғарбидаги Қандим газ конларида разведка ишларини олиб бориш ва ўзлаштиришга сарфланади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш муддати 35 йилни ташкил этади. Келишувга биноан, дастлабки пайтларда қазиб олинган газнинг 49,8 фоизини Россия, 50,2 фоизини Ўзбекистон томони олади.

Ислом Каримов Владимир Путин билан учрашувда Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликка халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидидан ташвиш билдирди.

“Биз Россия ҳукуматининг Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига қўшилиш қарорини олқишлаймиз. Буни бир томондан минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаб турувчи муҳим омил, иккинчи томондан эса Марказий Осиёдаги интеграциявий жараёнларни тезлаштирувчи қудратли рағбатлантирувчи жиҳат сифатида эътироф этиш мумкин”, - деди Ўзбекистон Президенти.

В.Путиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланганидан далолатдир.

“Алоҳида қайд этмоқчиманки, Ислом Абдуғаниевич шартноманинг асосий бандларини ишлаб чиқишда шахсан иштирок этди. Бу ҳужжат Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни келажакда янада ривожлантириш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилишига бизнинг ишончимиз комил”, - деди В.Путин.

Икки давлат ўртасида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома 15 моддадан иборат бўлиб, уларда ўзаро муносабатларнинг барча йўналишлари, жумладан, сиёсий, иқтисодий, маданий ва ҳарбий соҳалар қамраб олинган. Ҳужжатнинг энг катта моддаси ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликка бағишланган. Мазкур моддада белгиланишича, Ўзбекистон Россиядан ҳарбий йўналишдаги маҳсулотлар олади. Ўзбекистондаги ҳарбий техникани шай ҳолда ушлаш ва замонавийлаштиришда Россиянинг кўмаги, Россия ҳарбий билим юртларида Ўзбекистон Қуролли кучлари учун офицер кадрлар тайёрлаб бериш кўзда тутилган.

Мустақил кузатувчи Қудрат Алимовнинг фикрича, ўзаро стратегик шерикликдан нафақат Ўзбекистон, балки Россияга ҳам каттагина фойда бор. Хусусан, Россия Марказий Осиёда ислом ақидапарастлиги ва экстремизм кучайиб кетишидан манфаатдор эмас. Шу боис, Россия учун ҳар қандай диний таъсирнинг олдини олиш ва минтақада ўз позициясини мустаҳкамлашда Ўзбекистондек стратегик шерик сув ва ҳаводек зарур.
XS
SM
MD
LG