Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Конгресс Ўзбекистонга молиявий ёрдам берилишини хоҳлайди, аммо…


15 июнь куни АҚШ Конгрессининг халқаро алоқалар қўмитасида Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги роли ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

АҚШ давлат котибининг демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси Лорн Грейнер мажлисда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини кескин танқид қилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШ билан стратегик шерик сифатида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва демократияни ривожлантириш юзасидан берган ваъдаси бажарилган тақдирдагина ушбу мамлакатга иқтисодий ёрдам кўрсатилиши айтиб ўтилди. Агар 1 июлгача Ўзбекистон бу соҳаларда реал ўзгаришлар мавжудлигини кўрсатиб бера олмаса, АҚШ ҳукумати расмий Тошкентга бериладиган ёрдамни тўхтатиши мумкин. Конгресс аслида бундай бўлишини хоҳламайди, дейилади мажлис қарорида.

“Озодлик” мухбири Конгрессда билдирилган танқидларнинг қанчалик ўринли эканини ўрганиш мақсадида ўзбекистонлик ва хорижлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан суҳбатда бўлди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, 2001 йилда Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шериклик тўғрисида ҳужжат имзолаганда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларида вазият яхшиланишига умид пайдо бўлган. Негаки, Ўзбекистон раҳбарлари дунёдаги энг демократик давлат билан алоқа қилишга киришганди. Бу ҳолат мамлакатдаги кўплаб ҳуқуқ ҳимоячиларини ва хорижий ташкилотларни анча чалғитган. Улар Ўзбекистондаги вазият ўзгаришига ишона бошлаган. Лекин амалда мамлакатдаги сиёсий тузум аввалгидан ортиқроқ ва даҳшатлироқ ишларга қўл ура бошлади.

Т.Ёқубовнинг айтишича, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тазйиқлар янада кучайган. У раҳбарлик қилаётган жамият аъзоси Сотволди Абдуллаев Бош прокуратура олдида ўтказилаётган пикет чоғида номаълум шахслар томонидан калтакланган. Жамият марказий кенгаши аъзоси Абдужалил Бойматов пикетларга чиққани учун икки кун давомида ҳибсда ушлаб турилган. “Озод аёл” ташкилоти раисаси Гавҳар Орипова номаълум аёллар томонидан калтакланиб, оёғи синдирилган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гиллнинг таъкидлашича, жорий йилда Ўзбекистонда парламентга сайлов бўлиб ўтади. Лекин бирорта мухолифатдаги партия ва мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти рўйхатга олинмаган.

А.Гиллнинг билдиришича, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида баҳорда бўлиб ўтган портлашлардан сўнг жуда кўп кишилар қамоққа олинган. Давлат органлари томонидан содир этилаётган маъмурий қонунбузарликлар сони ортган. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотига ҳибсга олинган ва қамалганларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани ҳақида маълумотлар тушиши кўпайган. Сўз эркинлиги янада чекланган.
XS
SM
MD
LG