Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:57

Борис Шихмуродовнинг таллимаржонлик “шериги”


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Таллимаржон шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Хонсаид Сафаров салкам бир ярим йилдан буён Туркманистон қамоқхонасида сақланмоқда. Яқинларининг Х.Сафаровни Ўзбекистонга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлари натижа бермаётир.

2002 йил 25 ноябрда Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар тарқалди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, суиқасд иштирокчилари қўлга олингани ва улар орасида хорижий мамлакатлар фуқаролари борлиги эълон қилинди. Туркманистон билан чегара ҳудудда жойлашган Таллимаржон шаҳрилик Х.Сафаров 2002 йил 14 декабрда ҳибсга олинди ва Туркманистон суди ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Яқинларининг билдиришича, Х.Сафаровга суиқасд иштирокчилари, хусусан, Борис Шихмуродовнинг чегарадан ўтишига ёрдам кўрсатиш айби қўйилган.

Маълумотларга қараганда, Х.Сафаровни Туркманистондан юртига қайтаришда кўмак беришни сўраб, унинг оила аъзолари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилган. Лекин шу вақтга қадар бу ҳаракатлар ҳеч қандай натижа бермаган.

Маҳкумнинг яқинлари сўзларига қараганда, Ўзбекистондан бошқа мамлакатлар суиқасдда айбланиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўз фуқароларини қайтариб олган.

Х.Сафаровнинг онаси Ёрқиной Қурбонованинг мурожаатларига берилган жавобларда иш қонуний кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига жўнатилгани маълум қилинган. Қашқадарё вилояти прокуратураси фуқароларни қабул қилиш ва хатлар билан ишлаш бўлими ходими Феруза Сувонованинг билдиришича, Х.Сафаров Туркманистон ҳудудида жиноят содир этган. Шунинг учун унинг ушбу мамлакат қонунларига кўра жазоланиши тўғридир. Унинг Туркманистондан қайтарилиши давлат раҳбарлари доирасида ҳал этиладиган масала бўлгани учун вилоят прокуратураси бу борада ожиздир.

Х.Сафаровнинг синглиси Дилафрўз Сафарованинг айтишича, энди улар мазкур иш юзасидан инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларга мурожаат этишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG