Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:34

Расмий статистикага ишониб бўладими?


БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатда репродуктив саломатлик, оналар ва болалар ўлими муаммолари бўйича журналистлар билан учрашув ўтказди.

Ваколатхонанинг репродуктив саломатлик бўйича маслаҳатчиси Феруза Фозилованинг айтишича, учрашувдан асосий максад журналистларни Ўзбекистонда репродуктив саломатлик, оилани режалаштириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш муаммолари ва ютуқлари билан таништиришдир. Бу муаммоларнинг барчасини аҳолишунослик ўрганади. Собиқ иттифоқ даврида бу соҳага эътибор қаратилмаган. Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда энг катта нуфусга эга мамлакат сифатида ўзига хос муаммоларга эга.

“Ҳозир Ўзбекистонда аҳоли сони тез суръатларда ўсиб боряпти. Тахминларга кўра, 2040 йилга бориб мамлакат аҳолиси икки баробар кўпаяди ва 50 миллион нафардан ошади. Иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ривожланиш суръати аҳолининг кўпайиш даражасидан ортда қоляпти. Бизнинг ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг мақсади бу борадаги тенгликни таъминлашдан иборат”, - деди Ф.Фозилова.

Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими энг оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1994 йилда туғилган ҳар минг чақалоқдан 28 таси вафот этган. 2002 йилга келиб бу кўрсаткич 16 тагача камайди.

Юзаки қараганда бу борада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади. Лекин Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Несима Тумкайянинг билдиришича, Ўзбекистонда олиб борилган мустақил тадқиқотлар ҳар минг чақалоқдан 37 таси ўлаётганини кўрсатмоқда.

Ф.Фозилованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда саломатлик бўйича тайёрланаётган ҳисоботларда чақалоқлар ўлимини ҳисобга олишда эскича ёндашув сақланиб қолган. Айни пайтда шундай ёндашувларни ўзгартиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу борадаги янги қоидалар ишга тушса, чақалоқлар ўлими кўрсаткичлари анча ошади.

Расмий маълумотларда Ўзбекистонда оналар ўлими ҳам камайгани қайд этилган. Масалан, 1994 йилда туғаётган ҳар 100 мингта аёлдан 38 таси қурбон бўлган эса, 2000 йилга келиб бу кўрсаткич 33 тага тушган. Лекин мустақил тадқиқотлар оналар ўлими 60 тани ташкил этишини кўрсатган.

Ф.Фозилованинг таъкидлашича, расмий ҳисоботлардаги кўрсатилган рақамлар ҳам жуда катта ҳисобланади. Чунки мамлакатда тиббий инфратузилма яхши ривожланган. Ҳар беш минг аёлга битта олий тоифали мутахассис, мингта аёлга битта ҳамшира тўғри келади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлимига сабаб бўлаётган асосий омил аҳолининг оғир иқтисодий аҳволидир. Аёлларнинг камқонлиги, тўйиб овқатланмаслиги, экологиянинг бузилиб бораётгани муаммонинг янада кескинлашувига олиб келяпти.

Н.Тумкайянинг маълум қилишича, ваколатхонага жорий йилда мамлакатда амалга ошириладиган махсус лойиҳа учун 740 минг АҚШ доллари ажратилган. Бу маблағ тўлиқ аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга сарфланади.
XS
SM
MD
LG