Линклар

Саудия Арабистонида гаровга олинган АҚШ фуқароси қатл қилинди.

  • Абдулла Искандар

Саудия Арабистони расмийлари 4 нафар террорчи деб гумон қилинаëтганлар¸жумладан "Ал-Қайда"нинг маҳаллий етакчиларидан бири Абдулазиз Ал Мукриннинг ўлдирилганлигини айтмоқдалар. Бу борада Озодлик бошловчиси Абдулла Эргаш¸журналист Абдулла Искандар билан суҳбатлашди. Агар воқеалар ипини чувалатсак¸ гап Саудия Арабистонида ўғирлаб кетилиб қатл қилинган АҚШлик инженер Пол Жонсон фожеасига бориб тақалади. Бугун студияда мен билан бирга хозир бўлган ҳамкасбим Абдулла Искандар билан суҳбатимиз мавзуси ана шу ҳақда.

А.Э.: Абдулла¸ аввало Пол Жонсон ўлими билан боғлиқ воқеа тафсилотларига тўхталсангиз.

А.И.: АҚШ фуқароси Пол Жонсон бундан бир хафта олдин¸Саудия Арабистонида ўғирлаб кетилган эди. Уни ўғирлаб кетган¸ ўзларини "Ал-Қайда вакилларимиз деб атаëтган кишилар уни озод қилиш эвазига Саудия Арабистони қамоқхоналаридаги жами "Ал-Қайда аъзолари озод қилинишини талаб қилган эдилар.

А.Э.: Демак бу талаб бажарилмади.

А.И.: Талаб бажарилмади. Жума куни "Ал-Арабия"телеканали Пол Жонсоннинг боши танасидан жудо қилинганлигини маълум қилишди. АП хабарига кўра Жонсон жасади Эр-Риëд шахридаги Мунисия туманидан топилган.

А.Э.: Қатл қилинган Жонсон ким эди. Нега у "Ал-Қаеда" учун нишон бўлди?

А.И.: Пол Жонсон 49 ëшдаги АҚШ фуқароси.Инженер.У Саудия Арабистонида "Апачи" вертолетларига техник-хизмат кўрсатадиган ширкатда ишлар эди. Абдулла биласиз Ироқдаги ҳарбий амалиëтларда айни Апачи вертолети қўлланилади. Ўзларини "Ал-Қаеда вакилларимиз деб атаëтган кишилар тарқатган мурожаатда "Ал-Қаеда Жонсонни "Апачи"вертолетларидан азият чекаëтган мусулмонлар номидан ўлдирди" дейилган.

А.Э.: Абдулла Саудияликлар бу воқеа юзасидан бирор муносабат билдиришдими:

А.И.: Саудиялик шайх Солих ибн Абдулла Маккадаги Масжидул Ҳарамда жума номозидан олдин қилган маърузасида "Инсонни сабабсиз қатл қилиш-Исломда оғир гуноҳдир. Бу ширк даражасидаги гуноҳдир" деди.

Саудия қироллигининг юқори мартабали мулозими Одил ал Жубайр фикрлари эса мана бундай бўлди:

"Саудия Арабистони халқи бегунох инсоннинг шафқатсизларча ўлдирилишидан ларзага келди. Унинг ўлими юракларимизни зирқиратди. Буни амалга оширган қўрқоқларни мусулмон деб аташ ëлғон бўлур эди.Бизнинг давримизда бегуноҳ одамни қатл қилган одамни оқлаб бўлмайди." - деди Одил ал Жубайр.

А.Э.: Абдулла бу воқеага америкаликлар муносабати қандай бўлди?

А.И.: Энг аввало АҚШ Президенти Жорж Буш бу борада анча кескин гаплар айтди:

"Жонсон ўлимини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу шафқатсизларча қотиллик бўлди.Мазкур воқеа бизга бошқа америкаликларга етказмасидан олдин бу каби одамларни таъқиб қилиш кераклигини яна бир бор эслатди." - Буш бу гапларни 18 июн куни айтди.

19 июн куни эса Саудия хавфсизлик кучлари олиб борган тезкор амалиëт натижасида Жонсоннинг гумон қилинаëтган қотили Абдулазиз ал Мукрин ўлдирилди.

Айни пайтда АҚШ давлат департаменти ўз фуқароларига Саудия Арабистонини зудлик билан тарк қилишни тавсия қилмоқда. Давлат Департаменти янги тажовузлар юз бериши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

А.Э.: Рахмат Абдулла.
XS
SM
MD
LG