Линклар

logo-print

Афғон қочқинларининг Ўзбекистондаги муаммолари


Дилнаво Жаҳон қочқинлар куни муносабати билан 20 июнда Тошкентдаги Замонавий санъат марказида тадбир бўлиб ўтди. У БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистонда қочқинлар деганда, биринчи навбатда, афғонистонлик муҳожирлар назарда тутилади. Шу боис, тадбирда айнан афғон муҳожирлари ҳақида гап борди. Олий комиссарлик ваколатхонаси раҳбари Абдулкарим Гулнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги афғон қочқинларининг сони бугунги кунда 2 минг 440 нафардир. Ўзбекистон БМТнинг 1951 йилда қабул қилган қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциясини имзоламаган. Бу эса мамлакатдаги афғон қочқинларининг юридик мақомга эга эмаслигини англатади ва муҳожирлар аҳволининг кўп жиҳатларини англатади.

А.Гулнинг сўзларига қараганда, ваколатхона Ўзбекистон Ташқи ишлар ҳамда Ички ишлар вазирликлари билан қочқинлар масаласида жентльменлик келишувига эришган. Мазкур келишувга кўра, Олий комиссарлик томонидан қочқинлиги тан олинган шахсларнинг мамлакатда қолишига рухсат этилади, улар депоратиция қилинмайди, ҳисбга олинмайди.

Афғон қочқинларидан бири шоира ва ёзувчи Шафиқа Ёрқиннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда яшаётган қочқинларнинг яшаш шароити оғирлигича қолмоқда. Хорижлик фуқаролар мамлакат олий ўқув юртларида ўқиши учун катта маблағ тўлаши лозим. Шу боис, кўплаб афғон қочқинлари олий таҳсилдан маҳрум бўлиб қолаётир. Шунингдек, қочқинлар ўртасида ишсизлик муаммоси мавжуд. Саноқли кишиларгина ишламоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон қочқинлар масаласи бўйича халқаро конвенцияни имзоламагани боис, давлат муҳожирларга ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмайди.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда яшовчи афғонистонлик шоирлар ижоди намуналарини ўз ичига олган “Дил оҳанглари” тўпламининг тақдимоти, “Афғонистонга қайтиш” номли ҳужжатли фильм ва концерт намойиши бўлиб ўтди.

Афғон қочқинларидан бири – режиссёр Сиддиқ Обидийнинг тадбир дастуридан ўрин олган “Тақдир” бадиий фильми намойиши Киночилар уйида ўтказилди. Режиссёрнинг сўзларига қараганда, бу унинг Ўзбекистонга келгандан сўнг яратган илк фильмидир.
XS
SM
MD
LG