Линклар

logo-print

Қашқадарё ерлари шўрланмоқда


Фирдавс Статистик маълумотларга қараганда, сўнгги 4 йил давомида Қашқадарё вилоятида шўрланган ерлар майдони салкам 5 минг гектарга кўпайган. Мутахассислар вилоятдаги ерларнинг шўрланиш даражаси ҳаддан ташқари ортиқ эмаслигини таъкидламоқда.

Қашқадарё ирригация тизимлари бошқармаси ҳузуридаги гидрология-мелиорация экспедицияси кадастр бўлими бошлиғи Тўлқин Мавлоновнинг сўзларига қараганда, ўтган йиллар давомидаги тадқиқотлар вилоятда шўрланмаган ер 253 минг 240 гектар, кучсиз шўрланган майдонлар 170 минг 730 гектар, ўртача шўрланган ерлар 59 минг 590 гектар, кучли ва жуда кучли шўрланган ерлар 15 минг 440 гектар эканини кўрсатган. Сувдан тўғри фойдаланиш туфайли сўнгги вақтларда шўрланган ерлар майдони камайган.

Деҳқонлар эса шўрланган ерлар майдони қисқарганини инкор этмоқда. Уларнинг таъкидлашича, яроқсиз экин майдонлари йилдан-йилга кўпаймоқда. Қарши туманилик ижарачи Зиёдулла Худойқуловнинг айтишича, зовур-дренаж тизими йўқлиги туфайли экишга яроқли ерлар шўрланиб бормоқда. Ҳар йили ҳар бир хўжалик ҳисобидан 4-5 гектар ер яроқсизга чиқариб ташланмоқда.

Қашқадарёда зовурларнинг умумий узунлиги 14 минг километрга яқиндир. Т.Мавлоновнинг эътирофича, 2649 километр зовурни қазиш, тозалаш учун бюджетдан пул ажратилади. Қолган зовурларни ишга яроқли ҳолда ушлаб туриш эса ширкат ва фермер хўжаликлари зиммасига юкланган.

Маълумотларга қараганда, баъзи хўжаликлардаги маблағ йўқлиги сабабли ички зовурлар 10-15 йилдан буён тозаланмаган. Бу эса ерларнинг ишдан чиқишини янада тезлаштираётир.

Нишонлик фермер Маҳмуд Пирназаровнинг сўзларига кўра, маблағ йўқлиги сабабли зовурларнинг тозаланмаслиги ҳосил чўғига ҳам таъсир қиляпти. Шунинг учун айрим фермерлар қўлдан келганча зовурларни тозалашга уринмоқда.

Т.Мавлоновнинг маълум қилишича, шўрланишга қарши курашнинг яна бир йўли шўр ювишдир. Ҳар йили вилоятда қарийб 30 минг гектар ернинг шўри ювилмоқда, Лекин вилоятда сув захиралари миқдори чекланган.
XS
SM
MD
LG