Линклар

logo-print

Ироқ Бош вазири Ияд Аловий мамлакат хавфсизлик кучлари унга ҳисобот бериб туришлари кераклигини эълон қилди. Аловийга кўра, бундан асосий мақсад мамлакатда зўравонликлар, террор тўлқинига барҳам беришдир. "Стратегиямиз жуда оддий. Биз Ироқда тинчлик, барқарорлик, демократияни қарор топтириш учун барча куч-қудратимизни сафарбар этамиз. Душманга қарши курашда Ироқ хавфсизлик кучлари бирлаштирилади", - деди Аловий.

Ироқ Бош вазирига кўра, мамлакатда зўравонликларга чек қўйиш хавфсизлик кучлари устидан самарали бошқарувни тақазо этади.
Аловий таклиф этган режага кўра, ҳарбий кучлар Ироқ Мудофаа вазирлиги орқали, полиция ва бошқа хавфсизлик кучлар Ички ишлар вазирлиги орқали Бош вазирга ҳисобот бериб боришлари керак бўлади. Ва бу ишларнинг негизида эса ички хавфсизликни мувофиқлаштирувчи миллий тузилма барпо этиш ётади. Бош вазир Аловийга кўра, бунинг учун биринчи навбатда террорчи ва ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши кураша оладиган бўлинмаларга эхтиёж катта. Аловий шунингдек, масаланинг айрим жиҳатларини АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц ҳамда Британиянинг мартабали ҳарбий расмийси Кевин Теббетлар билан алоҳида ўтириб мухокама этишини маълум қилди.

Айни пайтда Ироқда портлашлар давом этмоқда. Ироқда вазият қалтислигини Бош Вазир ҳам тан олди. "Ироқ душманлари нефт объектлари, энергия ва сув таъминоти иншоотларига қарши диверсиялар амалга ошириб мамлакат иқтисодига зиён етаказишда давом эттирмоқдалар. Биз тегишли хавфсизлик идоралари ишини мувофиқлаштириш орқали инфротузилмамиз хавфсизлигини таъминлаймиз", - деб таъкидлади Ироқ бош вазири Аловий.
XS
SM
MD
LG