Линклар

Дилором Исҳоқова: “Бу миллатдан бахтсизроқ миллат бўлмаса керак”


Шайбон 1990 йил 20 июнь Ўзбекистон халқи ҳаётидаги энг улуғ кунлардан бири бўлиб, шу куни Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. 19 июнь куни “Эрк” партиясининг бир гуруҳ фаоллари декларация қабул қилинган кунни хотирлади. Бир неча йиллардан буён маълум сабабларга кўра ихчамгина нишонланаётган ушбу сана муносабати билан йиғилиш ҳар сафаргидек партия марказий кенгаши котиби Отанзар Ориповнинг уйида бўлиб ўтди.

“Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Дилором Исҳоқованинг хотирлашича, Олий Кенгаш Мустақиллик декларациясини қабул қилгани тўғрисидаги хабарни Муҳаммад Солиҳ эркчиларга етказганида ҳамма кўзига ёш олган.

О.Ориповнинг сўзларига қараганда, гарчи Ўзбекистон парламенти декларацияни расман қабул қилган бўлса-да, марказий нашрлар бу ҳақда хабар тарқатмаган. У ҳолат партия фаолларида кескин норозилик уйғотган.
Мазкур воқеа ҳақида хабар тарқатилиши талаби билан кишилар Ўзбекистон телевидениеси биносини пикет қилган. Шундан сўнггина ОАВда декларация қабул қилингани ҳақида маълумот тарқатилган.

Яқин ўтмишдаги ҳаяжонли кунлар ёди йиғилганлар қалбида ширин туйғуларни қалқтирди чоғи, уларнинг кўзлари намланди. Кўзларида йилтираган ёшни билдирмасликка уринар экан, Д.Исҳоқова ўша кунларда юрагини қалқтириб юборган қуйидаги воқеани эслади:

“Мен шу кунларда кўзига ёш олган чолларни, қарияларни кўрганман. Боласиними ёки неварасиними етаклаб олган кўкчалик бир чолни кўрдим. Чолнинг отаси ҳам, онаси ҳам қатағон қилинган экан. Қария йиғлаганча, энди тинч ўлиши мумкинлигини айтганди. Декларация ҳақида газета ва телевидение хабар бермади. Бизнинг қўлимизда декларациянинг ёзув машинкасида терилган нусхаси бор эди. Чол ўша нусхани олиб, кўзига суртиб йиғларди”.

О.Ориповнинг таъкидлашича, декларациянинг қабул қилиниши республиканинг давлат мустақиллигига эришишида биринчи қадам бўлган. Энди инсон мустақиллиги масаласи кўндаланг турарди. Бироқ инсон мустақил бўлмади. Аксинча, инсонлар ёлғоннинг кунига айланиб боряпти.

Д.Исҳоқованинг айтишича, ўша вақтда барча билан ёнма-ён туриб йиғлаган кишиларнинг анча-мунчаси бугунги кунда “Эрк” билан бирга эмас. Улар орасида айни пайтда диктатурага, қулликка ва ёлғонга хизмат қилаётганлари ҳам бор.

“Лекин, - дейдиД.Исҳоқова, - мазкур йиғин бир пайтлар ғоядош бўлган, кейинчалик ўз йўлидан қайтганлар ёхуд Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кунни зўр бериб унутишга уринаётганларни қоралаш учун эмас, балки қалбларда абадий сақланиб қолувчи шундай улуғ кунни тор доирада бўлса-да, нишонлаш мақсадида ташкил этилган. Қалбларда эса бу сана худди ўн тўрт йил илгари бўлгани каби бутун миллат томонидан байрам қилиниши умиди яшамоқда”.

Д.Исҳоқова бугунги кунда халқ не машаққатлар билан қўлга киритилган ушбу ютуқни унутиб, бошқа кунларни хотирлаётгани, соғинаётган дилни ўрташини таъкидлади.

“Бутун бир миллат кўнгил қатида тошдек чўкиб ётган орзу кўзга ёш бўлиб қалқиб чиққан кунини мустабидлик давридаги қуллигига солиштираётган ва совет даврини афзал билаётган бўлса, бу миллатдан бахтсизроқ миллат бўлмаса керак, деб ўйлайман”, деди Д.Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG