Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:28

Жонингизга тўзим берсин, йўловчилар!


Яқинда Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида йўл ҳақи яна 10 сўмга ошди. Бу жорий йилда транспортда нарх-навонинг учинчи марта кўтарилишидир.

Тошкентда метро, автобус, трамвай, троллейбусда йўл ҳақи сўнгги бор жорий йилнинг 15 мартида ошганди. Ўшанда 130 сўмлик йўлкира 140 сўм этиб белгиланганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бир неча кун бурун транспорт хизмати кўрсатиш баҳоси 150 сўмга чиқди.

Шаҳарликларнинг таъкидлашича, ҳаёт оғирлашиб бораётган бир пайтда йўлкиранинг оширилиши дард устига чипқон бўляпти. Кишилар ишлаб топаётган маблағнинг асосий қисми йўлкирага кетмоқда. Шунинг учун кўпчилик яёв юришни афзал билаётир.

Талабаларнинг айтишича, улар оладиган стипендия энди ойлик чипта харид қилишга ҳам етмайди. Талабалар 7400 сўм стипендия олса, шунинг 6750 сўмига ТМ белгили (талабаларга бир ой давомида барча турдаги жамоат транспортида (маршрут таксилардан ташқари) текин юриш ҳуқуқини беради) ойлик чипта оларди. Йўлкира ошгач, ойлик чипта баҳоси ҳам ошиши табиий.

Кузатувчиларнинг эътирофича, “Тошшаҳарйўловчитранс” давлат уюшмаси ҳар сафар йўлкира оширганида эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари баҳоси кўтарилганини баҳона қилади. Уюшма сервис бўлими бошлиғи Илёс Тазетдиновнинг билдиришича, бу сафар йўл ҳақи йўловчи ташиш транспорти корхоналарининг зарар кўриб ишлашини камайтириш ва аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш маданиятини ошириш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг 18 июндаги 467-қарорига кўра оширилган.

Уюшманинг ўз исмини ошкор қилишни истамаган яна бир ходими йўлкира кўтарилишига ҳокимликнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, аслида бу Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган махсус график асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG