Линклар

Андижонда суфийлар бор


Турғунбек Андижоннинг эски шаҳар қисмидаги хонадонлардан бирида тариқат илмини ўрганаётган юзга яқин киши йиғилиб туради. Улар орасида ёш болалардан тортиб, 80 ёшли қариялар ҳам бор.

Суфийликни ихтиёр этганларга бошчилик қилаётган Абдулбоқи Муҳаммадсиддиқ ўғлининг сўзларига қараганда, йиғилганлар Фарғона водийсининг турли бурчакларидан келган. Улар ҳар пайшанба куни шундай йиғилиш ўтказади. Мазкур йиғинда Аллоҳга зикр айтилади, худо ва расулаллоҳнинг сўзларига амал қилиш лозимлиги таъкидланади. Йиғин қатнашчилари ҳукумат тутган йўл ва сиёсатга аралашмайди.

А.Муҳаммадсиддиқ ўғлининг билдиришича, тариқат илмини ўрганаётганлар орасида деҳқон, тўқувчи каби кўплаб касблар эгалари бор. Унинг ўзи ҳам нонвойлик билан тирикчилик қилади. Тариқатчилар дунёвий орзу-ҳавасларга берилмайди. Улар, асосан, охиратни ўйлайди. Оиласини фақат ҳалол луқма билан боқадиганларгина бу гуруҳга киради. Собиқ иттифоқ даврида ҳам тариқатчилар мавжуд бўлиб, улар мавжуд тўсиқлар туфайли ўз тоат-ибодатини фақат ярим тунда амалга оширган.

А.Муҳаммадсиддиқ ўғли гуруҳ аъзолари ошкора зикр тушишларини, бу зикр тушиш “жаҳрия” деб аталишини билдирди.

Исломшунос Мусажон Бобожоновнинг айтишича, исломдаги суфийлик оқими ниҳоятда безиёндир. Тарихда суфийликни тушунмаслик оқибатида бу оқимнинг жуда кўп йирик вакиллари – Боязид Бастомий, Насимий, Машраб, Ҳаким Термизий, Мансур Халлож кабилар қувғин қилинган, ўлдирилган. Андижонлик суфийларни эса маълум бир суфийлик тариқатига мансуб, деб бўлмайди. Чунки уларнинг ҳаракатларида нақшбандийлик, Машрабга хос ҳолатларнинг белгиларини кўриш мумкин. Бу эса уларнинг муқим йўналишга эга эмаслигидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG