Линклар

Президент хотин-қизларга эътибор қаратмоқда


Феруза 21 июн куни Ўзбекистон давлат раҳбарининг “Оқсарой” қароргоҳида Президентнинг жорий йил 25 майдаги “Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлди.

Президент Ислом Каримов йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари жамоатчилик ташаббусларини акс эттирувчи тузилма бўлиши, аёллар ҳуқуқий-сиёсий билими ва фаоллигининг юксалиши фуқаролик жамиятини барпо этишдаги муҳим омиллигига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлимлари фаолиятини қаттиқ танқид қилди.

Мажлис иштирокчиси, “Камолот “ ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Ботир Убайдуллаевнинг таъкидлашича, Президент хотин-қизлар қўмиталари оддий халқдан узилиб қолгани, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган аёлларга етарли эътибор қаратилмаётганидан норозилик билдирган. Март-апрель ойларидаги портлашларда аёлларнинг иштирок этгани хотин-қизлар ўртасида фаол иш олиб боришга ундашини уқтирган.

Хўш, Ўзбекистон Президентининг хотин-қизлар қўмиталари, аёллар муаммоларини ҳал қилиш борасидаги фикрларига аёллар масаласи билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) муносабатлари қандай?

Аёллар ресурс маркази раҳбари Марфуа Тўхтахўжаеванинг сўзларига қараганда, хотин-қизлар қўмиталари ишни яхшилашга қаратилган фармон қабул қилингани ННТ вакилларини ҳам хурсанд этган. Чунки фармонда бу борада ННТ билан ҳамкорлик қилиш хусусида ҳам бир банд мавжуд. Бироқ, афсуски, хотин-қизлар қўмиталари ННТ билан ишлашни хуш кўрмайди. Президент бу ҳолатни танқид қилганида тўла ҳақдир. Чунки қўмиталар амалдорлар эмас, балки нодавлат ташкилотлари сингари оддий халқ, аёллар билан ишлаши керак.

Ўзбекистон Президенти йиғилишда хотин-қизлар билан ишлашни кучайтириш учун маҳалладаги фаол аёллар – отинойи, кайвони, дастурхончиларни маҳалла бошқаруви таркибига жалб қилиш таклифини илгари сурди. Ислом Каримовнинг фикрича, уларнинг турли давлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида миллий-диний қадриятларга зид носоғлом қарашлар, жангарилик, мутаассиблик кайфиятлари тарқалиши олдини олиш лозим.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси раҳбари Дилдора Алимбекова Президентнинг аёллар муаммоларига катта эътибор қаратаётгани, бу йўлда иш олиб бораётган ташкилотлар фаолиятига ҳаққоний баҳо берганидан хурсанд эканини таъкидлади.

“Бу муаммоларга сўнгги вақтларда аҳамият берилмаётган эди. Энди давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларини йиғиб, конструктив мулоқот қилиш, стратегик режа ишлаб чиқиш, режанинг бажарилиши мониторингини йўлга қўйиш лозим”, - деди Д.Алимбекова.
XS
SM
MD
LG