Линклар

logo-print

Ўзбекистон чегараларни минадан тозаламоқчи

  • Садриддин Ашур

18 июн куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгашининг Австрия пойтахти Венада бўлиб ўтган махсус мажлисида Ўзбекистон томони давлат чегараси ҳудудларини миналардан тозалаш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокировнинг сўзларига қараганда, чегаралардаги миналар террорчи гуруҳларининг мамлакатга кириб келиш хавфи олдини олиш мақсадида 1998 йилда ўрнатилган эди. Чунки ўша йиллар Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидан террорчи гуруҳларнинг кириб келиши эҳтимоли мавжуд эди.

И.Зокировнинг таъкидлашича, миналарни зарарсизлантириш ҳақидаги қарор июнь ойи бошларида қабул қилинган. 11 июнда Ўзбекистон мудофаа вазири Европа мамлакатлари элчилари билан учрашиб, уларни бу қарордан бохабар этган.

Ўзбекистон ўз чегара ҳудудларини миналаштиргандан сўнг қўшни давлатлар фуқароларининг минага учраб портлаб кетиши ҳодисалари кўпайди. Тожикистон ва Қирғизистон томони бир неча марта Ўзбекистонга миналар борасида ўз норозилигини билдирганди. Лекин шу пайтгача Ўзбекистон бу норозиликларга эътибор бермай келаётган эди.

Тожикистон томони маълумотларига кўра, Ўзбекистон билан чегарада кишиларнинг минага учраб ҳалок бўлиши ҳодисаси сўнгги марта бундан бир ярим ой муқаддам Тожикистоннинг Исфара туманида юз берган. Ўтин тергани чиққан ота ва икки фарзанд минага йўлиқиб портлаб кетган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон билан чегара ҳудудларида минага учраб тожикистонлик 68 фуқаро ҳалок бўлган. Улар орасида ёш болалар ҳам бор. 59 киши турли тан жароҳатлари олган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Нурлан Алимбековнинг айтишича, 2000 йилдан буён Ўзбекистон чегарасидаги миналарга учраб 32 нафар қирғизистонлик қурбон бўлган. 12 киши жароҳатланган.

Н.Алимбековнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг чегарадаги миналарни тозалаш масалани кўриб чиқиши ҳақида қарор қабул қилгандан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда баёнот берган. Баёнотда бу қарорни Қирғизисон томони олқишлаши маълум қилинган. Ўзбекистоннинг мазкур қадами Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.

Ўзбекистон чегара ҳудудларидаги миналарни зарарсизлантиришга қачон киришиши ҳозирча маълум эмас. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, миналарни зарарсизлантириш учун катта маблағ талаб этилади. И.Зокировнинг таъкидлашича, бу борадаги ишларнинг бажарилиш механизми қандай бўлиши тез кунларда маълум бўлади.

Буюк Британиядаги “Миналардан тозалаш” ташкилоти маълумотларига кўра, дунёнинг 70 мамлакатида кўмилган миналар сони 100 миллиондан 120 миллионтани ташкил этади. Ҳар ойда дунёда 2 мингга яқин киши ва бола минага учраб қурбон бўлмоқда ёки бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG