Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Ўзбекистонликлар Италияга қурт ва туршак сотади


Дилнаво Жорий йилнинг 20-23 октябрь кунлари Италиянинг Турин шаҳрида бўлиб ўтадиган озиқ-овқат ҳамжамиятларининг “Терра Мадре” халқаро учрашувида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.

Маълумотларга кўра, Италия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги, Турин шаҳри маъмурияти, “СЛОУ ФУД” уюшмаси ва Гастрономия фанлари университети дўстлари томонидан ташкил этиладиган мазкур форумда ўзбекистонликлар биринчи бор қатнашади. Тадбирни ўтказишдан мақсад носаноат ишлаб чиқарувчилари ҳамда маҳаллий анъаналар асосида озиқ-овқатнинг оригинал турларини қайта ишловчиларнинг ўзаро ҳамкорлигига кўмаклашишдир.

ТАСИС дастурининг Ғарбий Тяньшань биохилмахиллигини сақлаш лойиҳаси миллий мувофиқлаштирувчиси Виктор Цойнинг маълум қилишича, Туриндаги учрашувда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланувчи 5000 дан ортиқ киши иштирок этади. Энг асосийси, бу ерда намойиш этиладиган маҳсулотлар оммавий ишлаб чиқарилмайди. Улар корхоналарда эмас, уй шароитида тайёрланган озиқ-овқатлардир.

В. Цойнинг таъкидлашича, халқаро анжуманга қатнашиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан 15 га яқин ишлаб чиқарувчи танлаб олинган. Бу субъектлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашда қадимий ёки маҳаллий анъаналарга асосланган технологиялардан фойдаланади. Тошкент вилоятидан сараланган иштирокчилар Бурчмулла, Хумсон ва Чимён қишлоқлари вакилларидир. Хумсонликлар қатиқ, сузма, қурт каби сутдан тайёрланган маҳсулотларни намойиш этишни режалаштирган. Бурчмуллаликлар Туринга тоғ ва ер ёнғоғи, писта, бодом каби қуруқ мевалардан тайёрланган ширинликларни олиб боришни мақсад қилган. Чимёнликлар қимиз ва қази, Самарқанд вилояти вакиллари эса майиз ва туршакни хорижликларга кўрсатиш ниятида.

Чимён фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Режеповнинг сўзларига қараганда, бу ерда қимиз тайёрлашнинг ўзига хос услублари мавжуд. Қишлоқ тоғда, яъни экологияси тоза ҳудудда жойлашгани боис, бу ернинг қимизи ҳам шифобахш ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG