Линклар

Европа давлатлариининг Атроф-муҳит ва Соғлиқни сақлаш вазирларининг 4-конференцияси иш бошлади.

  • Ҳасанжон

23 июн куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Европа давлатлариининг Атроф-муҳит ва Соғлиқни сақлаш вазирларининг 4-конференцияси иш бошлади. Тоза табиат” рукнининг бугунги сони ана шу анжуман, шунингдек ҳаво ифлосланишининг болалар саломатлигига салбий таъсири мавзуига бағишланган.

Атроф-муҳитнинг тобора ёмонлашаётгани айниқса болалар саломатлигига салбий таъсир этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳаво ва сув ифлосланиши, шунингдек, бошқа экологик зарарли омиллар дунё бўйича хар йили 5 ёшгача бўлган 3 миллиондан ортиқ бола ҳаётига зомин бўлмоқда.

Саноатлашиш, шаҳар аҳолиси сонининг кўпайиши, иқлим ўзгариши, кимё маҳсулотларидан тобора кўпроқ фойдаланиш ва турли тан жароҳатлари болалар ўлими кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда дунё аҳолисининг 10 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Атроф-муҳит билан боғлиқ касалликларнинг 40 фоизи эса айни шу гуруҳ вакилларига тўғри келади. Чунки улар катталарга қараганда ўз тана оғирлигига нисбатан кўпроқ ҳажмдаги зарарли моддаларни истеъмол қиладилар ва зарарли нарсалардан ўзларини асраш ва ҳимоя қилишни билмайдилар.

Уй ичи ва ташқарисида ҳавонинг ифлослиги, сувнинг сифатсизлиги, озиқ-овқатлар таркибида зарарли кимёвий моддаларнинг кўплиги ва турли тан жароҳатлари каби омиллар болалар орасидаги ўлимнинг кўпайишига олиб келяпти, дейди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Кристиана Салли:
“ 19 ёшгача бўлганлар орасидаги ўлимнинг учдан бир қисми айнан шу беш омил туфайли рўй бермоқда”,.

Кристиана Саллига кўра, юқорида келтирилган бешта экологик омил туфайли ҳар йили фақат Европа мамлакатларида 100 минг бола нобуд бўлмоқда. Бундан ташқари 15 – 19 ёшдаги ўсмирлар орасида қайд этилаётган ўлимга асосан тан жароҳати сабаб бўлмоқда.

Атроф-муҳитнинг болалар саломатлигига салбий таъсирини яққол кўрсатиш мақсадида БМТ мутахассислари махсус атлас ишлаб чиқдилар ва у Европа давлатларининг Атроф-муҳит ва Соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этаётган 4-конференцияда тақдим этилди.

Қуйида ўша китобда қайд этилган айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз:
Ифлосланган сув ичбуруғ касаллигига сабаб бўлади. Бу касалликдан дунё бўйича ҳар йили 1.8 миллион бола нобуд бўлмоқда. Улардан 1.6 миллиони 5 ёшга тўлмаган болалардир. Бундан ташқари сув ифлосланиши вабо, дизентерия, қалқонсимон без, ўткир ичак ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради.

Ҳозирда Лотин Америкасидаги шаҳарлар аҳолиси ишлатган сувнинг 86 фоизи ва Осиёда мамлакатларида 65 фоизи тозаланмасдан дарё, кўллар ва океанга оқизиб юборилмоқда.

Осиё ва Африка давлатларининг аксарида одамлар қозон қайнатиш учун кўмир, ўтин ва турли ўсимликлар пояларини ёқадилар. Бундай нарсалар ёнган пайтда одамнинг нафас йўллари учун зарарли бўлган газлар ажраб чиқади. БМТ маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ касалликлардан дунё бўйича ҳар йили салкам бир миллион бола ўз уйида нобуд бўлмоқда.

Конференцияда Европа мамлакатлари учун “Болалар саломатлиги - атроф-муҳит ва саломатлик”, деб номланган ҳаракат дастури ҳамда вазирлар декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Кристиана Саллининг Озодлик радиосига айтишича, ушбу ҳужжатларда муҳим чоралар амалга оширилиши кўзда тутилган.

“Вазирлар болалар саломатлигига салбий таъсир этаётган атроф-муҳитни яхшилашга ёрдам берадиган чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб оладилар.” – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили.

Конференцияда қабул қилинадиган ҳужжатлар амалга тадбиқ этилишини қайси ташкилот ўз зиммасига олади, деган саволга Кристина Салли, қабул қилинажак ҳужжатлар бажарилиши мажбурий эмаслигини, шунга қарамай вазирлар уни амалга тадбиқ этишга аҳд қилганларини айтади:

“Ҳаракат дастури бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжат эмас. Шундай бўлсада ҳукуматлар, вазирлар бу борада зарурий қарорлар қабул қилиш ва уни амалга тадбиқ этиш ниятидалар”, - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Кристина Салли.

Ҳаво ифлосланишига завод ва фабрикалардан ташқари транспорт воситалари ҳам сабабчи бўлмоқда. Автомобиллардан атмосферага чиққаётган зарарли газлар айниқса болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG