Линклар

logo-print

Ироқнинг бир қатор шаҳарларида яна ҳужумлар ва портлашлар юз берди


Арол Ҳокимиятни Ироқ Муваққат ҳукуматига топширишга саноқли кунлар қолди. 30 июн АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳокимиятни ироқликларга топширадиган кун. Шунга қарамай ироқлик исëнчилар мамлакатнинг турли шаҳарларида коалиция кучларига қарши ҳужумларини давом этдирмоқдалар. Пайшанба куни рўй берган воқеа-ҳодисаларда ўнлаб киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Хабарларга кўра¸ 24 июн куни Ироқнинг суннийлар яшайдиган Бақуба¸ Фаллужа ва Рамади каби бир қатор шаҳарларида АҚШ кучлари ва Ироқ полициячилари билан исëнчилар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Мамлакат шимолидаги Мосул шаҳрида эса бир неча портлашлар содир этилди. Мосул полициясига кўра¸ полиция идоралари олдида бир неча миналаштирилган машина портлатилди. Ироқдаги бугунги портлашлар ва ҳужумлар оқибатида камида 74 киши ҳалок бўлди ва 200га яқин одам яраланди. Ҳалок бўлганлар орасида икки америкалик аскар ва тўққиз нафар ироқлик полициячи бор. Фаллужа яқинида АҚШнинг бир ҳарбий вертолëт қулаб тушди. Бу воқеага ҳозирча АҚШ томони ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Бағдодда ҳам айни вазият ҳукм сурмоқда. Шаҳарда миналаштирилган машина портлатилгани оқибатида Ироқ миллий гвардияси аъзоларидан уч киши ҳалок бўлди. Кузатувчиларга кўра¸ бугун Ироқнинг турли шаҳарларида кенг қамровли ҳужумлар амалга оширилди. Бағдоддан тақрибан 50 километр шимолдаги Бақуба шаҳрида исëнчилар полиция идоралари жойлашган бинони босиб олди. Ҳужумларни бостириш мақсадида АҚШ кучлари исëнчиларни вертолëт ва танклардан ўққа тутди. Бундан бир кун олдин эса¸ пойтахтдан 20 километр узоқликдаги Юсуфия шаҳрида исëнчилар полиция идорасига бостириб кириб¸ бинони портлатдилар. Маълум бўлишича¸ бу сўнгги ҳафталар ичида амалга оширилган иккинчи катта ҳужумдир.


Исëнчиларнинг кўпчилиги бошларига "Тавҳид ва Жиҳод"¸ деб ëзилган сариқ ленталарни боғлаб олган. Маълум бўлишича¸ исëнчилар "Жамоат ут-Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи раҳбари иорданиялик жанггари Абу Мусаб ал-Зарқавий тарафдорларидир. Зарқавий Ироқдаги жуда кўп ҳужумлар¸ жумладан Жанубий Корея фуқаросининг куни-кеча амалга оширилган қатли учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Айни пайтда Ал-Қайда тармоғининг Ироқдаги вакили Зарқавий овози ëзилганлиги тахмин этилаëтган аудиомурожаатда Ироқ муваққат ҳукумати Бош Вазири Ийяд Алавийни ўлдирамиз¸ деб таҳдид қилинган. Ушбу аудиомурожаат АҚШ разведка бошқармаси томонидан текшириб чиқилмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ тўқнашувларда Ироқ шиаларининг радикал руҳонийси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари ҳам қатнашмоқда. Улар бундан тахминан икки ойларча олдин АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларининг Ироқни тарк этишларини талаб қилиб¸ бир қатор шаҳарларда қуролли ҳаракатлари бошлаган эдилар.

Хабарингиз бор¸ шу ойнинг 27-28 кунлари Истамбулда НАТО ташкилотига аъзо давлатларнинг олий даражали учрашуви бўлиб ўтади. Саммит олдидан Ироқ Муваққат ҳукумати Бош вазири Ийяд Алавий НАТО ташкилотига мурожаат қилиб¸ Ироққа техникавий ва таълим-тарбия соҳасида ëрдам беришга чақирди. НАТО расмийларидан бирининг айтишича¸ ташкилот Алавийнинг мурожаатини муҳокама қилади. Маълум бўлишича¸ мурожаатда НАТОдан ҳарбий ëрдам сўралмаган.
XS
SM
MD
LG