Линклар

“Ямаҳа” Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда


Ҳакимбек Япониянинг “Ямаҳа моторс” корпорацияси ўзининг YAM 100S русумли мотоциклларини Ўзбекистонда йиғишни йўлга қўйди. Бу Ўзбекистонда мотоцикль ишлаб чиқариш йўлидаги илк ҳаракатдир. Синовдан ўтган биринчи туркум мотоцикллар савдога ҳам чиқарилди.

"YAMAHA" мотоциклларини Ўзбекистонда йиғиш “Ямаҳа моторс” корпорацияси, Тошкент синов-тажриба заводи ва YMS-TOEMZ фирмаси иштирокида имзоланган келишув асосида йўлга қўйилди. YMS-TOEMZ фирмаси директори Саид Усмоновнинг таъкидлашича, Тошкентда йиғилган мотоциклларнинг биринчи туркуми тайёр бўлган. Ҳозиргача 112 та мотоцикль йиғилган.

“Ямаҳа моторс” корпорациясининг МДҲ бўлими бошлиғи Хидеки Уегучининг сўзларига қараганда, мотоцикллар осон бошқарилиши, қатнов тирбанд бўлганда ҳаракатланишга қулайлиги билан аҳамиятлидир. У экологик жиҳатдан ҳам яхши кўрсаткичларга эга. Шунингдек, мотоцикллар жуда тежамкордир. У 100 километрга 3 литр ёқилги сарфлайди. Мотоцикль соатига 120 километр тезликда ҳаракатлана олади. Оғирлиги эса 80 килограммдир.

Айни пайтда корпорация Тошкентда мотоциклларни бошқаришни ўргатувчи академия очган. У ерда таълим олган инструкторлар кейинчалик мотоцикль ҳайдовчилари тайёрлаш билан шуғулланади. Академия талабаси Гўзалнинг сўзларига қараганда, мотоцикль шаҳарда ва шаҳар ташқарисида ҳаракатланишга жуда қулай. Уни бошқаришни тезда ўрганиб олиш мумкин. Мотоциклда сайр қилаётганда киши шамол билан, табиат билан уйғун бўлади. Мотоцикллар, айниқса, ёшлар учун жуда мос.

С.Усмоновнинг таъкидлашича, ўзбекистонликларни мотоцикллар сотиб олишга ўрганиш бироз оғир кечмоқда. Чунки мустақилликдан сўнг транспортнинг бу тури мамлакатга кам келтирилган ва кишилар ундан анча узоқлашган. Шундай бўлса-да, Тошкентда йиғилган мотоциклларни дастлаб Ўзбекистонда, сўнг қўшни давлатларда сотишни кенгайтириш мўлжалланган. Айни пайтда йиғилаётган мотоцикль 935 минг сўмга сотилмоқда.

С.Усмоновнинг билдиришича, ҳозирги кунда барча бутловчи қисмлар “Ямаҳа”нинг бошқа давлатлардаги заводларидан олиб келинмоқда. Бироқ беш йил ичида бутловчи қисмларнинг 60 фоизини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жорий йилда Тошкентдан 500-1000 та мотоцикль йиғиш кўзда тутилган. 2006 йилгача эса йилига 5000 мотоцикль йиғилади.
XS
SM
MD
LG