Линклар

Когонда газ портлади

  • Садриддин Ашур

Маълумотларга қараганда, 22 июнь куни Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида газ портлаши оқибатида бир неча киши қурбон бўлган ва тан жароҳати олган.

Бухоролик журналист Обид Шабановнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, портлаш 22 июнь куни соат тахминан 10 яримларда содир бўлган. “Бухоронефтгаз” корхонасига қарашли биринчи колонна омборхонаси орқасида жойлашган газ тақсимлаш қурилмаси бошқа жойга кўчирилаётганда қурилиш анжомлари сақланадиган хонада йиғилиб қолган газ портлаб кетган. Натижада ишчи Жаҳонгир Шарипов воқеа жойидаёқ ҳалок бўлган. Таналари турли даражада куйган уч киши шифохонага ётқизилган. Сўнгги маълумотларга қараганда, улардан бири Ҳикмат Ҳамроев вафот этган. Қолган икки кишининг ҳам аҳволи оғир. Ишчилардан бири танасининг 75 фоизи куйгани айтилмоқда.

Когон шаҳри ҳокими Мурод Худоёровнинг таъкидлашича, газ тақсимлаш қурилмасини кўчириш пайтида пайвандловчилар эҳтиётсизликка йўл қўйган. Портлаш пайвандлаш пайтида учқун чиқиши оқибатида содир бўлган. Айни пайтда фалокат сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия иш олиб бормоқда. Бир ҳафталардан сўнг ҳалокатнинг аниқ тафсилотлари маълум қилинади.

Когон шаҳри прокурори Қодир Низомов мазкур портлаш юзасидан тергов олиб борилаётгани, у ишлаб чиқаришга оид фалокат эканини маълум қилди. Прокурорнинг билдиришича, бу портлаш террорчилик хатти-ҳаракатлари оқибатида содир бўлмаган.
XS
SM
MD
LG